Кўпни кўрган, тажрибали деҳқонлар таъбири билан айтганда сара уруғдан мўл ҳосил олинади. Шу муносабат билан уруғлик дон етиштириш, саралаш, дорилашнинг ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши муҳим аҳамиятга эга.

Мазкур тадбирларнинг белгиланган муддатларда сифатли бажарилиши юзасидан “Ўзагроинспекция”нинг ҳудудий бошқармалари ва туманлар бўлимлари томонидан жиддий назорат ўрнатилган.

Хусусан, инспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан 2021 йилнинг январь-август ойлари давомида дон йўналишида 1 минг 225 марта назорат тадбирлари ўтказилган бўлиб, 170 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.

— Аниқланган 32 та қонунбузилиш ҳолатлари ваколат доирасида кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди, 23 та қонунбузилиши бўйича тўпланган ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди, — дейди “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси бош инспектори Хушнуд Нурбеков. — 2022 йил ҳосили учун жами 29 минг 51 тонна уруғлик ғалла тайёрланиши режалаштирилган бўлиб, шунинг 17 минг 836 тоннаси тозаланиб сараланди, 17 минг 313 тоннаси дориланди. Бир кунда ўртача 50-55 тонна уруғлик ғалла дориланмоқда.

Жумладан, Жомбой уруғ цехи томонидан мавсум бошидан буён 2 минг 410 тонна,Тойлоқ уруғ цехида 2 минг 30 тонна, Нуробод уруғ цехида 644 тонна, 3-сонли уруғ цехида 2 минг 723 тонна, Самарқанд уруғ цехида1 минг 427 тонна, “Челак” уруғ цехида 1 минг 925 тонна, “Зирабулоқ” уруғ цехида 2 минг 356 тонна, “Иштихон” уруғ цехида 2 минг 64 тонна, “Каттаминг УК” МЧЖ 1 минг 135 тонна, “ЭУХ” МЧЖ уруғ цехида 599 тонна сифатли уруғлик дон тайёрланди, деб хабар беради “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизмати.