Самарқанддаги пахта-тўқимачилик кластерлари 2021 йил ҳосили учун уруғлик пахтани тозалаш-саралаш, туксизлантириш ва дорилашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Жумладан, кластер корхоналари томонидан уруғлик чигитни дорилаш учун талаб этиладиган уруғдорилагичлар, қоғоз қоплар, этикетка, ип заҳираси шакллантирилди. 2021 йил ҳосили учун пахтанинг “Султон”, “Бухоро-102”, “Омад”, “С-8286” сингари иқлим шароитига мос, эртапишар ва ҳосилдор навлари экилиши режалаштирилган.
Сифатли уруғлик чигит тайёрланиши “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан доимий назоратга олинган. Мазкур ишчи гуруҳи томонидан мавжуд кластер корхоналарида уруғлик пахта ғарамлари сақланиши, уруғлик чигитни тозалаш, саралаш ва дорилашни ўз вақтида ва сифатли бажариш сингари масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Масалан, 2020 йилнинг декабрь ойида 1 минг 955 тонна сара уруғ тайёрланиши режалаштирилган.
Шу мақсадда вилоятдаги мавжуд 6 та пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан 6 минг 186 тонна уруғлик пахтани тозалаш белгиланган. Келгуси йил ҳосили учун белгиланган режага кўра, “Мароқанд сифат” МЧЖ томонидан 1 минг 690 тонна, “Самарқанд Камалак инвест текстиль” МЧЖ томонидан 1 минг 170 тонна, “Пайариқ кластер”МЧЖ томонидан 955 тонна ҳамда “Пахтачи кластер” МЧЖ томонидан 805 тонна, жами 4 минг 994 тонна сара уруғлик чигит жамғариш юзасидан белгиланган агротехник тадбирлар ўз вақтида ва сифатли амалга оширилмоқда. Ушбу агротехник тадбирлардан кўзланган асосий мақсад, 2021 йил ҳосили учун пухта замин ҳозирлашдан иборат.
“Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси
ахборот хизмати