Картошка кундалик ҳаётимизда эҳтиёж ва талаб юқори бўлган маҳсулотлардан бири саналади. Тиббиётчилар хулосаси билан қаралганда инсон йилига ўртача 50 килограмм картошка истеъмол қилиши лозим. Шу боис, мамлакатимизда замонавий, инновацион технологияларни жорий этган ҳолда картошка етиштиришни йўлга қўйиш, импорт ўрнини босадиган маҳсулот етиштирувчиларни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан Президентимизнинг 2020 йил 6 майдаги “Республикада картошка етиштиришни кенгайтириш ва уруғчилигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида кенг қамровли тадбирлар амалга оширилмоқда.
Мазкур қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда 2021 йил ҳосили учун 9 минг 231 гектар такрорий майдонда картошка экинлари парвариш қилинмоқда. Тажрибали деҳқонлар картошкадан мўл ҳосил етиштириш асосан уруғнинг сифатига боғлиқ эканлигини яхши билишади. Шу мақсадда, жорий йилда картошканинг “Пекас”, “Гала”, “Фонтане”, “Эволюшн”, “Аризона”, “Монто Карло”, “Фонтана” сингари навларининг супер элита, элита ва Р-1 юқори авлодидан экилган.
“Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан кластер корхоналари ва фермер хўжаликларининг картошка экиладиган майдонларга 32 минг 309 тоннага яқин уруғлик билан таъминлаш юзасидан тизимли назорат тадбирлари амалга оширилган.
Ҳусусан, жорий йилда Булунғур туманида 2 минг 306 гектар, Жомбойда 1 минг 900 гектар, Ургут туманида 1 минг 415 гектар ҳамда Тайлоқ туманида 1 минг 900 гектар такрорий ер майдонида картошканинг иқлим шароитига мос, серҳосил навларини парвариши юзасидан белгиланган агротехник тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилда вилоятнинг такрорий ер майдонларига экилган картошкадан 165 минг тонна ҳосил етиштириш мўлжалланмоқда, дейди “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси бош инспектори Хушнуд Нурбеков.