“Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан ғалла парвариши бўйича белгиланган агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан мониторинг-таҳлил тадбирлари ўтказилмоқда.
Самарқанд вилоятида 2021 йил ҳосили учун 4 минг 539 та фермер хўжалиги томонидан 94 минг 230 гектар бошоқли дон экинлари экилган бўлиб, ушбу майдонлардаги бошоқли дон экинлари маҳаллий ва минерал ўғитлар билан ўз вақтида ва сифатли озиқлантирилди.
Ўтказилган таҳлилларга кўра, бугунги кунда бошоқли дон экинларининг 14 минг 813 гектар ёки 15,7 фоизи бошоқлаш ва 79 минг 417 гектари ёки 84,3 фоизи сут-мум пишиш фазасида ривожланмоқда. Бир кунда вилоят бўйича 2 минг 290 гектар майдонлардаги бошоқли дон экинлари 3-4 чи суғорилаётган бўлса, 27 минг 558 гектар ғалла майдонларида тўртинчи суғориш ишлари амалга оширилмоқда.
Аммо ҳамма жойда ҳам ғалла парвариши юзасидан белгиланган агротехник тадбирлар ўз вақтида ва сифатли ўтказилаяпти, деб бўлмайди. “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан ғалла парвариши юзасидан агротехник тадбирлар ижроси юзасидан 2021 йилнинг январ-апрель ойлари давомида 2 минг 156 та фермер хўжаликлари ғалла майдонларидаги бошоқли дон экинлари мониторинг - таҳлил тарзида ўрганилди, дея хабар беради “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси Ахборот хизмати.
Ўтказилган тадбирлари давомида 80 та ҳолатда қонунбузилишлар содир этилганлиги аниқланди. Уларининг олдини олиш мақсадида, мутасадди ташкилот ва идораларга 14 та тақдимнома киритилиб, 10 та ёзма кўрсатма берилди.
Қонунбузилишлар юзасидан 22 та ҳолатда “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан маъмурий қарорлар қабул қилинди. 34 та қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга юборилди ҳамда ижроси таъминланди.