Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти, Самарқанд вилоят ИИБ ҳамда ДХХ Самарқанд вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда товламачилик йўли билан бир фуқародан 50 минг долларни ундирмоқчи бўлган жиноий гуруҳ қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати хабар берди.
Ички ичлар органларига мурожаат қилган ариза муаллифи ўзи билан бирга ишловчи аёл билан ишқий муносабатда бўлиб юрган. Бундан хабар топган аёлнинг турмуш ўртоғи ва унинг укалари телефон орқали таҳдид қилишни бошлаган.
28 март куни аёлнинг қайинукаси ва Тошкент шаҳридан Самарқандга келган икки нафар шахс жабрланувчини мажбурлаб автомашинага ўтказиб, ўғирлаб кетган ҳамда Самарқанд тумани ҳудудидаги дала ҳовлига олиб бориб, қийнаб, баданининг турли хил жойларига тан жароҳати йетказган. Жабрланувчига 50 минг доллар беришни айтиб, мажбуран иккита тилхат ёздириб олишган.
Таҳдидлар кундан-кунга кўпайиб, гуруҳ аъзолари жабрланувчи билан ҳар кўришганида 5 миллион сўм ва 300 доллар миқдоридаги пулларни ўзлаштирган. Aгарда 50 минг долларни бермаса, яланғоч ҳолдаги видеотасвирларни маҳалласига тарқатиб, шарманда қилишини айтиб қўрқитган.
14-апрел куни ўтказилган тезкор тадбир давомида жиноий гуруҳ йетакчиси жабрланувчидан 30 минг доллар миқдоридаги пулларни товламачилик йўли билан олган вақтида далилий ашёлар билан ушланган.
Ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 137-моддаси (одам ўғрилаш) 1-қисми, 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “а”, “в” бандлари ва 227-модда (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини егаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст йетказиш ёки уларни яшириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, 5 нафар шахс қамоққа олинган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.