Бугун вилоят ахборот-кутубхона марказида “Китобхонлик ҳафталиги” бошланди. Унда “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири, сенатор Фармон Тошев, вилоят ҳокими ўринбосари Дилшод Маматқулов, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Тошпўлат Тугалов ва бошқалар сўзга чиқиб, китоб ўқиш орқали илмга, маърифатга эришиш, Янги Ўзбекистонимизни янги марраларга олиб чиқиш мумкинлигини таъкидлашди.
— Ҳафталикни ўтказишдан кўзланган мақсад аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида китоб мутолаасини тарғиб этиш ва китобхонлик маданиятини шакиллантириш, уларнинг интеллектуал салоҳияти ва маънавий савиясини юксалтириш ҳамда вилоятимизда фаолият юритаётган кутубхоналар ва нашриётлар билан яқиндан таништиришдан иборатдир, — деди вилоят ҳокими ўринбосари Дилшод Маматқулов.
Ҳафталик доирасида Ўзбекистон бадиий академияси Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи вилоят ахборот-кутубхона маркази билан ҳамкорликда “Санъат оламига саёҳат” номли миниатюра санъати асарларидан ташкил топган кўчма кўргазма ҳам намойиш этилади.
“Китобхонлик ҳафталиги” тадбирлари жорий йилнинг 9 апрелигача давом этади.