Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида бу ҳақда маълумот берилди.
Тадбирда таъкидлангандик, “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 августдаги “2021 йил пахта ҳосилини уюшқоқлик билан нес-нобуд қилмасдан ўз вақтида ва сифатли йиғиб-териб олиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган вазифалар тўғрисида”ги 153-сонли йиғилиш баёни ижросини таъминлаш мақсадида кенг қамровли назорат тадбирлари ўтказилмоқда.
Жорий йилда вилоятдаги 2 минг 90 та фермер хўжаликлари томонидан 75 минг 356 гектар ерда 243 минг тоннадан ортиқ пахта етиштирилади. Мавсумда 31 дона замонавий, юқори унумдор пахта териш машиналари, 1 минг 735 та транспорт техникалари ва 2 минг 634 дона тиркамалар қатнашиши режалаштирилмоқда. Инспекциянинг ҳудудий бошқарма ва туманлар бўлимлари томонидан ўтказилган доимий назорат тадбирлари самараси ўлароқ ҳозирги вақтда уларнинг барчаси таъмирланиб, шай ҳолатга келтирилди.
Жорий йилда 9 та пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан пахта хом-ашёсини қабул қилиш бўйича тегишли тадбирлар амалга оширилди.
Шу мақсадда, кластер корхоналарига қарашли мавжуд 27 та пахта қабул қилиш масканларида етиштирилган пахта хом ашёсини қабул қилиш режалаштирилган.
Вилоятдаги пахта қабул қилиш масканларида 90 дона ўт ўчириш воситалари, 154 комплект кичик механизация воситалари, 24 дона ёпиқ омборлар, 412 дона ғарам майдончалари, 316 дона электрошкаф (ШОМ), 525 дона ҳудудни ёритиш мосламалари таъмирланиб шай ҳолатга келтирилди.
Пахта-тўқимачилик кластерлари тизимидаги барча масканлар синов таҳлилхонасида меъёрий ҳужжатлар жамланмаси шакллантирилиб, зарурий ҳужжатлар тайёрланди. Қабул масканларининг барчасидаги ўлчов ва синов воситалари қиёслов кўригидан ўтказилиб, сертификатлар билан таъминланди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 августдаги йиғилиш баёнига асосан қўлда терилган ҳар килограмм пахта хомашёси учун биринчи теримда 1200 сўмдан, иккинчи теримда 1500 сўмдан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўланади.
Пахта-тўқимачилик кластерлари, пахта хом-ашёси етиштирувчи фермер хўжаликлар ҳосилни қисқа фурсатда йиғиштириб олиш мақсадида белгиланган нархлардан кам бўлмаган ҳолда мустақил нарх белгилашлари тавсия этилади.
Пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан жалб этилган ишсиз фуқаролардан иборат терим отрядлари раҳбарларига мавсум якунига қадар 2 миллион сўмдан меҳнат ҳақи берилади.
Шунингдек, терим ишларига 18 ёшга тўлмаган фуқаролар, олий ўқув юртлари талабалари, бюджет ва нобюджет ёки хўжалик ҳисобидаги ташкилот ходимлари ва ҳарбийларни терим тадбирлари, умуман ҳар қандай мажбурий меҳнатга жалб этиш қатъиян ман этилади, дея хабар беради “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизмати.