Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар қилди.

Қайд этилишича, 2008 йилда туғилган шахс харидорга 10 дона қўлбола усулда ясалган пиротехника воситасини 250 минг сўмга ҳамда ярим литрлик елим идишида тайёрланган яна бир пиротехника воситасини 600 минг сўмга сотаётган вақтда ушланди.

Тезкор суриштирув ишлари давомида унинг яшаш хонадони кўздан кечирилиб, 22 дона елим идиш қопқоғидан ясалган ҳамда олти дона изолентага ўралган, жами 28 дона қўлбола усулда тайёрланган пиротехника воситалари, шунингдек, 200 грамм олтингугурт моддаси ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.

Олиб борилган суриштирув натижасида ушбу шахснинг 2009 йилда туғилган таниши ҳам қўлбола пиротехника воситаларини ясаб келаётгани аниқланди. Унинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда 17 дона қўлбола усулда ясалган пиротехника воситаси ҳамда уларни тайёрлаш учун мўлжалланган мосламалар топилиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштирилди.

Навбатдаги тезкор тадбирда Самарқанд шаҳрида яшовчи 2009 йилда туғилган яна бир шахс беш дона қўлбола пиротехника воситасини икки нафар танишига сотаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Сўровлар давомида у мазкур воситаларни таниши билан келгусида сотиш мақсадида тайёрлагани маълум бўлди. Танишининг нонвойхонаси кўздан кечирилиб, у ердан 31 дона қўлбола пиротехника воситаси ҳамда уларни тайёрлашда фойдаланиладиган модда ва буюмлар аниқланди.

Шунингдек, олинган тезкор маълумотларга асосан 1976 йилда туғилган шахснинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда, том қисмида портлатиш учун мўлжалланган 291 дона махсус капсула, шунингдек, олти дона шиша идишда сақланаётган кукунсимон моддалар ва пиротехника воситаларини тайёрлаш учун ишлатиладиган ашёлар топилиб, ҳужжатлаштириб олинди.

Ҳозирда аниқланган барча ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ички ишлар органлари фуқароларни пиротехника воситаларидан, айниқса қўлбола усулда тайёрланганларидан фойдаланмасликка чақириб, бундай воситалар инсон саломатлигига оғир зарар етказиши, ҳатто ўлим ҳолатларига олиб келиши мумкинлигини эслатди. Қонунга хилоф равишда пиротехника воситаларининг муомаласи билан шуғулланиш 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган.