Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби хабар берди.
Қайд этилишича, 2023 йил 30 июль куни Қашқадарё вилояти, Чироқчи ва Кўкдала туманларида яшовчи О.Эшимов, Э.Уралов, И.Дониёров, С.Равшанов, З.Очилов, О.Абриев ва Э.Хасановлар Нуробод тумани, “Пўлат” маҳалласида яшовчи таниши М.Махмудовнинг туғилган кунини нишонлаш мақсадида келишган.
Шу куни соат тахминан 17:30 да “Пўлат” маҳалласи ҳудудидан ўтган Каттақўрғон сув омборига чўмилиш мақсадида боришиб, ушбу жойда бўлган қайиқ билан О.Эшимов, Э.Уралов, И.Дониёров, С.Равшанов, З.Очилов, О.Абриев ва Э.Хасановлар сув омборининг қирғоғидан тахминан 40 метр узоқликка сузиб боришиб, қайиқ устида фотосуратга тушиш мақсадида тартибсиз ҳаракатлар қилишганлиги сабабли, мувозанатни йўқотиб, қайиқ ағдарилиб кетган.
Оқибатда, қайиқда бўлган З.Очилов, О.Абриев ва Э.Хасановлар қирғоққа сузиб чиқишган, О.Эшимов, Э.Уралов, С.Равшанов ва И.Диёров эса чўкиб кетган.
Олиб борилган қутқарув ишлари давомида марҳумларнинг мурдаси топилган, ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.