Сўнгги йилларда мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, унинг ҳар хил турлари, хусусан, регбини янада оммалаштириш, бунинг учун қулай шарт-шароитлар ва инфратузилма яратишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Мазкур спорт тури миллий армиямизда жадал ривожланмоқда. Регби — жамоа бўлиб ўйналадиган спорт тури бўлиб, у ҳарбий хизматчиларнинг ўзаро жипслигини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Мазкур мусобақада округ тасарруфидаги ҳарбий қисмлардан тўпланган кучли 4 жамоа ўзаро беллашди. Бу, ўз навбатида, регбининг миллий армиямизда ривожланаётганлиги ва унга бўлган қизиқиш ҳарбий хизматчилар орасида тобора ортиб бораётганининг яна бир исботидир.
Қўмондон кубоги учун ўтказилган регби мусобақаси кўтаринки руҳ ва дўстона рақобатда ўтказилиб, жамоалар ғалаба учунҳаракат қилди. Майдонда томошабин бўлиб турган ҳарбий хизматчилар ва меҳмон ёшлар муҳлислик қилаётган ўз жамоасини олқишлар билан қўллаб турди.
Умуман олганда, қизғин баҳсларга бой бўлган беллашувларда ҳар бир жамоа вакиллари ўзаро соғлом рақобатга киришди. Регбичилар жисмоний куч, ақлий қобилият ва иродавий ҳислатларини намойиш этиб, муҳлисларига томошабоп ўйин кўрсатди.
Мусобақа якунига кўра, “Қўмондон кубоги” Жиззах гарнизонидаги ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиларидан иборат жамоага насиб этди.
Ғолиб ва совриндорларга диплом, медал ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати