Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ирсий касалликларга барвақт ташхис қўйиш усулларини такомиллаштириш учун молиялаштирилган стартап лойиҳа қиймати 1,038 миллион сўмни ташкил этади.

Тадбирда сўзга чиққанларнинг таъкидлашича, мазкур ноёб лаборатория ёрдамида Ўзбекистонда илк бор ноинвазив усулда ҳомиладор аёлларни скрининг қилиш имконияти яратилади. Бунда она қонидан ҳомиланинг ДНК си ўрганилади.

Стартап лойиҳасининг долзарблиги ҳақида гап кетар экан, бугунги кунда дунёда ҳар 100 боладан 5-6 нафари генетик касаллик билан туғилиши қайд этилди. Бу нуқсонлар боланинг интеллектуал ривожланишидаги бузилишлар билан ўтади. Уларнинг 5-6 фоизи биринчи марта пайдо бўлган ёки ота-онадан биридан ўтган ирсий касалликлар эканлиги аниқланган.

Лойиҳа ташаббускори - GENMEDICAL МЧЖ раҳбари Нилуфар Хушвакова томонидан лаборатория хизматини ташкил этиш ишлари бошлаб юборилди. Жумладан, молекуляр генетика лаборатория ускуналари ва дастурий маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналар билан музокаралар олиб борилиб, керакли жиҳозлар Россия, Испания ҳамда Германия давлатларидан келтирилган асбоб-ускуналар ёрдамида таҳлиллар ўтказиш учун мўлжалланган ПЗР аппаратлари ишга туширилди. Лойиҳа доирасида дастлаб 5 та иш ўрни яратилиши ва келгусида ушбу кўрсаткич 2-3 баробарга кўпайиши таъкидланди.

Келгусида ҳудудлардаги беморларга маслаҳат олиш учун хорижий ва маҳаллий тиббиёт марказлари, клиникалари билан ҳамкорликда амалий ишлар олиб борилиши режалаштирилган деб хабар беради Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати.