Мазкур ҳолат Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасида ташкил этилган махсус штаб томонидан батафсил ўрганилди.

Ўрганишлар давомида намуналар Ҳайвон касалликлари ва озиқ-овқат хавфсизлиги давлат илмий маркази лабараторияларида чуқур текширилганида, олинган намуналарда касаллик қўзғатувчиси аниқланмади, дея хабар беради қўмита ахборот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, куйдирги – ўткир кечувчи ўта хавфли инфекцион касаллик бўлиб, септицемия, оғир заҳарланиш ва карбункулалар ҳосил қилиш билан кечади. Барча турдаги қишлоқ хўжалик, уй, ёввойи ҳайвонлар касалланади ҳамда у одамларга асосан ҳайвонлар орқали осон юқади.

Касаллик қўзғатувчисининг ташқи муҳитда 100 йилгача сақланиб туриши инобатга олинган ҳолда, касалликнинг эски ўчоқлари давлат ветеринария хизмати томонидан хавфсизлиги бўйича назоратга олинади.

Юртимизга куйдирги касаллигининг четдан кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида, касалликка мойил қишлоқ хўжалик ҳайвонларида ҳудудий давлат ветеринария хизмати томонидан тизимли равишда профилактик вакцинация ишлари гуруҳ усулида календар режа асосида амалга оширилмоқда.

Эмлаш ишлари ҳар бир худуднинг табиий хусусияти ва эпизоотик вазиятидан келиб чиқиб белгиланади. Одатда эмлаш мавсумий бўлиб, баҳор ва куз ойларида, мажбурий эмлаш эса, йилнинг исталган вақтида амалга оширилади.

Таъкидлаш керак, 2020 йилда жами 36,7 млн. бош чорва ҳайвонлари (10,4 млн. бош йирик ва 22,8 млн. бош майда шохли моллар ҳамда 522,0 минг бош бошқа тур ҳайвонлар), 2021 йилда жами 26,4 млн. бош чорва ҳайвонлари (10,1 млн. бош йирик ва 15,9 млн. бошдан зиёд майда шохли моллар ҳамда 380,6 минг бош бошқа тур ҳайвонлар) куйдирги касаллигига қарши профилактик эмланган.

Жорий йилнинг охиригача иммунитетлик фаоллиги тугайдиган қарийб 10,0 млн бош чорва ҳайвонлари куйдирги касаллигига қарши профилактик эмланган. Яъни, иммунитетлик фаоллиги тўлиқ сақлаб турилиши таъминланган. Давлат ветеринария хизмати захирасида 6,4 млн доза эмлама мавжуд.

Шу йилнинг ўтган даври мобайнида касалликнинг эски тупроқ ўчоқларидан 3021 та тупроқ намунаси ҳамда 84,1 минг бош қорамол ва қўй териси лаборатория текширувларидан ўтказилганида касалликка нисбатан мусбат натижа кузатилмади.