Бугунги кунда республика бўйича жами 6 миллион 806 мингдан ортиқ ҳисоблагич ўрнатиб бўлинди. Бу эса, ўз навбатида, 92 фоиз истеъмолчининг ҳисоблагичлари тизимга мос ҳисоблагичларга алмаштириб бўлинди, дегани.

Ҳозиргача ушбу ўрнатилган ҳисоблагичларнинг қарийб 4 миллион 793 мингтадан ортиғи биллинг тизимига уланган бўлиб, яъни биллинг тизимига уланган ушбу истеъмолчилар билан ҳисоб-китоблар автоматик равишда амалга оширилмоқда ва ҳисоблагичлар бўйича маълумот олиш ва назорат қилиш имконияти мавжуд.

Жорий йил 23 апрель куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш марказига ташрифи чоғида, бу ерда аҳолига замон талабларига мос равишда хизмат кўрсатиш, электр таъминотини янада яхшилаш бўйича қатор кўрсатмалар берганди.

Хусусан, электрон ҳисоблагичлар ўрнатиш – бу биринчи қадам экани, энг қийини олдиндалиги, яъни ҳудудларда, узоқ қишлоқларда ҳисоблагичларни эксплуатация қиладиган профессионал кадрларни етиштириш, тизимнинг ташқи таъсирларга чидамлилигини ошириш, кейинчалик тармоқ эскириши туфайли юзага келадиган ҳолатларни ҳисоб-китоб қилишни ҳозирдан ўйлаш кераклиги, тушумларнинг маълум бир фоизини илмга, модернизацияга йўналтириш зарурлигига эътибор қаратганди.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда автоматлаштирилган тизимни амалиётга жорий этиш жараёнида электрон ҳисоблагичларни ишлаб чиқариш ҳамда кейинги босқичда ҳисоблагичларга сервис хизмат кўрсатувчи Марказлар фаолиятини йўлга қўйиш долзарб масалалардан бирига айланди.

Шу мақсадда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ҳамда Жанубий Кореянинг «KT Corporation» компанияси ҳамкорлигида Самарқанд шаҳрида асосан Самарқанд, Жиззах ва Бухоро вилоятлари истеъмолчиларига ўрнатилган «KAIFA» русумли «ақлли ҳисоблагичлар»га техник хизмат кўрсатадиган Марказнинг фойдаланишга топширилиши мазкур ҳудудлардаги электр энергияси истеъмолчиларига қўшимча қулайликлар яратишга қаратилгандир.

Жумладан, Марказда кафолатли бепул ёки пуллик хизмат кўрсатиш, ҳисоблагичдаги нуқсонларни бартараф этиш учун эҳтиёт қисмларни бошқариш, маълум даражадаги носозликларни таҳлил қилиш ҳамда ишдан чиққан электрон қурилмаларга хизмат кўрсатиш режалаштирилган. Мазкур Марказда 14 та малакали мутахассис учун иш ўрни ҳам яратилди.

Шу билан бир қаторда истеъмолчиларга қулайлик яратиш мақсадида Жиззах ва Бухоро вилоятларида ҳам ҳисоблагичларга хизмат кўрсатувчи техник офислар очилган бўлиб, улар носозлик аниқланган ҳисоблагичларни таъмирлаш имкониятига эга, дея хабар беради “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати.