Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш Инспекциясининг Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан мониторинг-таҳлил тадбирлари ўтказилмоқда.
Унда, вилоятдаги мавжуд 79 та ёғ-мой корхоналари томонидан пахта техник чигитини тўлиқ технологик циклда мақсадли қайта ишлаш, маҳсулот сифатини тасдиқловчи гигиеник хулоса ва мувофиқлик сертификатлар мавжудлиги тизимли равишда ўрганилмоқда.
Ҳозирга қадар ёғ-мой корхоналарининг 32 тасида мониторинг-таҳлил тадбирлари ўтказилган бўлиб, уларнинг 28 тасида қонунбузилиш ҳолатлари содир этилгани аниқланди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси товар хом-ашё биржасига тақдимнома киритилди ва 3 та ёғ-мой корхонаси юзасидан тўпланган ҳужжатлар тегишли қарор қабул қилиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди.
Шунингдек, Президентимизнинг 2008 йил 20 октябрдаги “Озиқ-овқат экинлари экиладиган майдонларни оптималлаштириш ва уларни етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш юзасидан амалий тадбирлар ўтказилмоқда.
Унда, кунгабоқар, махсарни саноат асосида қайта ишлаб, экологик тоза ўсимлик мойига бўлган эҳтиёжини таъминлаш юзасидан бажарилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда, мулкчилик шаклидан қатъий назар мойли экинларни қайта ишлашга ихтисослашган корхоналарда Президент Фармони ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш юзасидан амалий тавсиялар берилмоқда.
Вилоятда аҳолининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан, экологик тоза ўсимлик мойига бўлган эҳтиёжини таъминлаш мақсадида кунгабоқар, махсар етиштириш бўйича изчил чоралар кўрилмоқда. Мойли экинларни кўпайтириш аҳоли фаровонлигини юксалтириш ва фермер хўжаликларининг иқтисодий самарадорлигини янада ошириш имконини беради.
Баҳодир Раҳмонов,
«Ўзагроинспекция»нинг Самарқанд вилоят бошқармаси
бош инспектори