Ўзбек ёшлари билимга чанқоқ ва интилувчан, бу ҳақда хорижлик профессор-ўқитувчилар, умуман, чет элликлардан кўп марта эшитганмиз. Бу эътироф – барча устозлар учун катта фахр. Бугун шароит ва имкониятлар улар орзу қилганчалик эмасдир, аммо Ҳукуматимиз, шахсан Президентимиз томонидан улар учун энг яхши шароит, имкониятлар яратиб берилмоқда.
Яқинда ёшларни кузатиб, фикрларим янада қатьийлашди, айримларидаги илм-фанга ўта чанқоқлик, қизиқувчанлик, илм-фан намояндаларига юксак ҳурмат-эҳтиром, юртимиздан яқин келажакда катта олимлар, тадқиқотчилар етишиб чиқишидан дарак беради. Улар ўз номи билан самарқандлик, ўзбекистонлик олимлар бўлишади.
Халқаро Нобель мукофоти соҳиблари юртимизга, қолаверса, қадим ва навқирон Самарқандга ҳар доим келаверишмайди. Яқинда шаҳримизда ана шундай ажойиб, тарихий воқеа юз берди.
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети кимё факультетида Нобель мукофоти соҳиби Азиз Санжар номидаги замонавий илмий лабораториянинг очилиш маросимида иштирок этдик. Унда профессор Азиз Санжар шахсан иштирок этиб, бир неча кун самарқандликларнинг азиз меҳмони бўлди. Асли Туркиядан бўлган профессор Азиз Санжар АҚШда яшаб, Шимолий Каролина университетида илмий фаолият билан шуғулланувчи машҳур, дунё таниган ва тан олган биокимёгардир. Олим сўнгги 15-20 йил оралиғида замонавий дунёнинг оғир хасталикларидан бири – саратон билан зарарланган ҳужайранинг ДНКсини тузатишнинг биокимёвий механизмларини ишлаб чиққан ҳамда ушбу муҳим тадқиқоти учун 2015 йилдаёқ кимё фанлари бўйича халқаро Нобель мукофотига лойиқ кўрилган.
Шунингдек, ушбу тадбирда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов, ўнлаб олий таълим муассасалари ректорлари ва профессор-ўқитувчилар иштирок этишди. Самарқанд давлат университетида Нобель мукофоти соҳиби «Мия саратонини даволашнинг инновацион усуллари» мавзусида ёш олимлар, талабалар, профессор-ўқитувчилар учун маъруза ҳам қилди.
Биокимё лабораторияси Россия, Япония, АҚШ каби давлатларда ишлаб чиқарилган 10 га яқин замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Уларда органик ва ноорганик материаллар, кимё соҳасида моддалар тадқиқи ҳамда комплекс бирикмалар синтезини амалга ошириш, наноматериаллар хоссаларини ўрганиш, моддалар таркибини миқдор ва сифат жиҳатдан таҳлил қилиш, биофаол бирикмаларни аниқлаш каби бир қатор муҳим йўналишларда илмий таҳлил, тажрибаларни амалга ошириш мумкин бўлади.
Замонавий анализ усуллари лабораторияси кўп тармоқли бўлиб, бир вақтнинг ўзида кимё, биология, фармацевтика, тиббиёт, озиқ-овқат саноати, парфюмерия, материалшунослик, биологик тадқиқотлар, атроф-муҳит муҳофазаси, кончилик, нефт ва газ кимёси, қишлоқ хўжалиги соҳаларида юқори аниқликдаги илмий тадқиқотлар ўтказиш имконини беради.
Ҳозирда кимё халқ хўжалигида катта аҳамиятга эга, фан, ишлаб чиқариш, саноат, чорвачилик ва бошқа соҳаларнинг кимё қўлланмайдиган бирорта хам тармоғи йўқ десак, муболаға бўлмайди. Мисол учун, қишлоқ хўжалигида минерал ўғитлару ўсимликларнинг зараркунандаларию касалликларига, бегона ўтларга қарши кураш учун ишлатиладиган кимёвий воситалардан кенг фойдаланилади ва ҳоказо.
Кимё технологияси бўйича ҳозирча ривожланган давлатлар билан рақобатлашиш қийин, аммо мамлакатимизда айнан кимё технологияларига, қолаверса, илм-фанга эътибор кучайиб бормоқда. Яқин келажакда бу бўйича етакчи давлатлар қаторига кира оламиз деб умид қиламиз.
Илм-фанни юқори чўққиларига эришмоқчи бўлсак, лабораторияларни аниқлиги юқори бўлган замонавий жиҳозлар билан таъминлашимиз жуда муҳим. Мазкур лаборатория жиҳозларининг бир қисми (ҳаммаси эмас), Ислом тараққиёт банки иштирокидаги олий таълим муассасаларига бериладиган моддий ёрдам сифатида келтирилган. Айни кунда мамлакатимиздаги 25 та ОТМнинг моддий-техник базасини бойитишда ана шу банк кўмагидан фойдаланилди.
Айтиш жоизки, бу фақат Самарқанд давлат университети миқёсида эмас, ҳатто Самарқанд миқёсидаги ҳам эмас, бутун мамлакатимиз илм-фанига тааллуқли катта ва муҳим воқеа бўлди. Бу замонавий лабораториялар ёрдамида муҳим илмий ишларни амалга ошириш мумкин бўлади. Қолаверса, талаба-ёшлар, илмга чанқоқ ўғил-қизларимиз учун яхши имконият. 8 турдаги замонавий қурилмалар билан жиҳозланган илмий лаборатория халқ хўжалигининг кимё, фармацевтика, тиббиёт, озиқ-овқат саноати, биологик тадқиқотлар, кончилик каби соҳаларида тадқиқотлар олиб бориш имконига эга. Шунингдек, молекуляр биотехнологиялар ва замонавий ботаника асослари ҳамда виварий, биофизиологик, биокимёвий тадқиқотлар илмий лабораториялари ҳам соҳага қизиқувчан ёшлар учун катта имкониятдир.
Халқаро Нобель мукофоти соҳиби билан мулоқот ёшларга – талаба, магистр ва докторантларга ҳам катта мотивация берди дейиш мумкин. Буни уларнинг юз-кўзидан, савол-жавоблардан сезиш мумкин.
Биринчи кун расмий тадбирлар бўлса, иккинчи кун самимий мулоқот куни бўлди. Таниқли олим саратоннинг олдини олиш, уни эрта аниқлаш ва даъволаш бўйича яхши тавсиялар берди. Талабалар ушбу касаллик бўйича хорижий давлатлар, хусусан, АҚШда қандай муваффақиятли тажриба ва илмий ютуқлар борлиги билан танишди.
Замонавий таҳлил усуллари лабораториясининг очилиш маросимида шахсан Азиз Санжарнинг ўзи иштирок этгани келгусида ҳам олим билан мустаҳкам илмий ҳамкорлик давом эттирилишини англатади.
Илм-фан ривожланмаган давлатда тараққиёт ҳам бўлмаслиги исботланган. Илмий лабораторияда бугунги кунда нафақат соҳага оид илмий тадқиқотлар, балки тиббиёт, атроф-муҳит муҳофазаси, озиқ-овқат маҳсулотлари таркибидаги зарарли моддаларни аниқлаш, саноат ва бошқа ишлаб чиқариш тармоқлари учун тадқиқот объектлари таҳлиллари ўтказилаётгани барчани қувонтиради.
Янги Ўзбекистонда илм-фан соҳаси юксак тараққий топишини, янги кашфиётлар маркази сифатида ҳам мамлакатимиз эътироф этилишини умид қиламиз. Илм-фан соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бунга, албатта, имкон беради.
Худайназар Юнусов,
биология фанлари доктори, профессор,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган чорвадор,
СамДВМЧБУ ректори