Кейинги йилларда республикамизда озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб ва эҳтиёжни ички имкониятлардан тўлиқ фойдаланган ҳолда қоплаш ҳамда ўзимизда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чет давлатларга экспорт қилишга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шу муносабат билан ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экинларни жойлаштириш асносида ички бозор эҳтиёжлари ва аҳоли талаби қондирилмоқда. Табиийки, такрорий экинларни экишда замонавий, инновацион технология ва агрегатларга талаб ортади.
Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали олимлари инновацион агрегат яратишди. Мазкур ўқув даргоҳида Исмоил Эргашев раҳбарлигидаги илмий ходимлардан иборат рационализаторлар гуруҳи томонидан тупроққа ишлов берувчи-экувчи комбинацияланган агрегат ихтиро этди.
Янги комбинациялашган агрегат бир вақтнинг ўзида такрорий экин экиладиган майдондаги сомонни майдалаш, тупроққа ишлов бериш, жўяк олиш, кимёвий ўғитлар билан озиқлантириш сингари 8 та технологик жараёнларни амалга ошириши билан аҳамиятлидир.
Инновацион комбинациялашган агрегат асосан, маккажўхори, соя сингари такрорий экинларни экишга мўлжалланган. Турдош агрегатларга нисбатан иш унумдорлиги ҳам анча юқори. Ускуна орқали соатига 0,58 гектар ер майдонига такрорий экинларни экиш имконияти мавжуд. Инновацион агрегат вилоятнинг Оқдарё ва Ургут туманлари далаларида синовдан ўтказилган бўлиб, яхши ижобий натижалар қўлга киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги интелектуал мулк агентлиги томонидан самарқандлик олимларнинг ушбу инновацион агрегати учун ихтирочилик патенти берилди.
Ҳозирги вақтда “Агромаш БМКБ” АЖ томонидан ушбу инновацион комбинациялашган агрегатни саноат усулида ишлаб чиқариш бошлаб юборилди. Институт олимларининг таъкидлашича, дастлабки агрегатлар Ургут инновацион тумани учун ишлаб чиқарилади. Маълум муддат давомида такрорий синовдан ўтказилгач, республикамиз қишлоқ хўжалиги тармоғининг талаб ва таклифига кўра ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Тупроққа ишлов берувчи-экувчи комбинациялашган инновацион агрегатнинг техник қулайликлар ва имкониятлар “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармасининг тегишли мутахассислари билан ҳамкорликда турли иқлим шароитларида синовдан ўтказилмоқда, деб хабар беради “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизмати.