Мусиқа санъати ҳар қандай мамлакат ижтимоий, маданий тараққиёти ривожланишида энг таъсирчан, самарали воситалардан бири саналади. Юртимизда ҳам маданият ва санъат соҳасини изчил ривожлантириш, мазкур йўналишдаги муассасалар фаолиятини самарали йўлга қўйиш, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинаётир.

Маълумки, Ўзбекистон давлат консерваторияси мамлакатимизда мусиқий билим берадиган ягона олий таълим муассасаси саналади. 2002 йилда мазкур олий ўқув юрти учун янги бино қурилиб, замонавий талаблар асосида жиҳозланди. Консерватория қошида иқтидорли ёшлар учун мусиқа академик лицейи ташкил этилди. Мазкур олий ўқув юртининг нуфузи ва мақомини ошириш учун унга Ўзбекистон давлат консерваторияси номи берилди.

Президентимиз 2017 йил 3 август куни ижодкор-зиёлилар вакиллари билан учрашувда маданиятимиз, адабиёт ва санъатимизни ривожлантириш билан боғлиқ долзарб масалалар, уларни ҳал этиш йўллари, бу борада ижодий уюшмалар ва давлат ташкилотлари олдида турган муҳим вазифалар ҳақида атрофлича фикр билдирди. Учрашувда Ўзбекистон давлат консерваториясининг бугунги фаолияти, жумладан, қабул квоталари, ўқув дастурлари ва қўлланмалари, профессор ўқитувчиларнинг илмий ва ижодий салоҳияти, муассасанинг моддий-техник базаси, мусиқа санъатини ривожлантириш, мусиқий таълим тизимини сифат жиҳатидан юқори босқичга кўтариш борасидаги ишлар хусусида ҳам сўз юритилди.

 2017 йил 8 августда Президентимизнинг “Ўзбекистон давлат консерваторияси фаолиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Мазкур ҳужжатда Ўзбекистон давлат консерваторияси фаолиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар дастури баён қилинди. Ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар самараси олий ўқув юрти моддий-техник базаси, ўқув дастурларида, кадрларни қайта тайёрлаш ва халқаро алоқаларда ўз аксини топмоқда.

Мусиқа – инсон руҳиятининг ифодаси

Санъатнинг ажралмас қисми бўлган мусиқанинг ўзига хос жиҳатларидан бири шундаки, у таржима қилинмайди. Бир миллат вакили яратган яхши мусиқани барча халқлар тушунади ва завқланади. Шу сабаб дунё халқлари бир-бирининг ўлмас мусиқаларини тинглайди, тушунади ва қадрлайди.

Шу ўринда миллий мусиқамизга боғлаб мисол келтириб ўтсам. Мумтоз мусиқаларимиз оҳанг сеҳрини, қудратини англамаган айрим ёшлар бунга эътиборсизлик қилаётган бир пайтда унга нафақат Шарқ мамлакатлари, шунингдек, Европада ҳам ўзгача қизиқиш билан қаралмоқда. Хусусан, “Шашмақом”ни Европа мамлакатларида мусиқа мутахассислари, ихлосмандлари ҳам турли концерт ва фестивалларда тинглаб, баҳолаб келади. Уни Германия, Франция мусиқа мутахассислари тадқиқ қиляпти, ҳатто чанг созида иштиёқ билан ижро этиб беряпти. Улар шунчаки мусиқа чала билиш истеъдодини намоён қилиш учун эмас, “Шашмақом”га қизиқиб, оҳангига мафтун эканлигини таъкидлаган ҳолда ўрганаётгани ғурур ва ҳавас уйғотади.

Мусиқанинг дунё халқларини бир-бирига яқинлаштиришдаги кучи, инсонпарварлик руҳини сингдиришдаги таъсири ҳақида ҳам мисоллар билан айтиб ўтиш мумкин. Дунёда кўплаб мусиқа фестиваллари ўтказиб келинади. Шулар қаторида “Шарқ тароналари”, халқаро “Мақом” фестивали жуда катта нуфузга эга. Эндиликда бу халқаро мусиқа фестивалларида Шарқ мамлакатлари билан бирга, қатор Европа халқлари мусиқачилари ҳам жон деб қатнашиб келяпти ва уларни бошқа халқлар тингловчилари яхши қабул қиляпти.

 Ҳа, санъатнинг халқларни, жамиятни бирлаштира олишида чуқур фалсафа бор.

Таълим халқаро алоқаларда ривожланади

Таълим муассасамиз дунёнинг кўплаб санъат даргоҳлари билан ҳамкорлик қилиб келади. Жумладан, Россия, Италия, Франция, Кувайт, Тожикистон, Қозоғистон, Германия, АҚШ санъат муассасалари билан алоқаларимиз яхши йўлга қўйилган.

Биз, аввало, қардошларимизни яхши билишимиз ва қадрлашимиз керак. Қозоғистон санъат университети — Европа консерваторияси ассоциацияси (АЕС) аъзоси. Катта тажриба ва малакага эга ушбу университет билан яқин алоқадамиз. Ҳамкорликда кўплаб танлов, тадбирлар ўтказиб келамиз.

Қозоғистон миллий санъат университети ҳам “European Association of Conservatoires (AEC)” тармоғига киради ва дунёга машҳур кўплаб мусиқачилар билан ҳамкорлик қилади. У билан таълим муассасамиз ўртасида меморандум имзоланган. Академик ва илмий таълим алмашинуви, ижодий ҳамкорликка доир лойиҳаларни амалга оширяпмиз. Қўшма факультетлар ва таълим йўналишларини очиш бўйича келишув имзоланган.

Жорий йил 4 июнь куни Нур-Султон шаҳрида Қозоғистон давлат симфоник оркестри билан биргаликда концерт қўйдик. Тадбир жуда кўтаринки руҳда ўтди. Профессор-ўқитувчилар билан учрашувлар, маҳорат дарслари ташкил этилди. Буни қайсидир маънода тажриба алмашув деб баҳолаш мумкин. Шу маросимда менга фахрий профессор унвони берилганини, аввало, Ўзбекистон миллий мусиқа санъати, академик мактабига берилган юксак баҳо, Президентимиз томонидан санъатга қаратилаётган алоҳида эътиборнинг эътирофи деб қабул қилдим.

Қозоғистон театрлари Ўзбекистонга гастроль — сафарлари билан келмоқда, ўзбек театрлари, яккахон солистлари Қозоғистонда концерт бераётир. Икки мамлакат маданият ва санъат намояндаларининг ижодий учрашувлари, олий таълим муассасалари ўртасида талабалар алмашинуви, ўқитувчиларнинг малака ошириш жараёни жадал тус олди. Бугун талабаларимиз Қозоғистоннинг энг илғор, жаҳон рейтингларига кирган университетларига бориб, тажриба алмашиб, ўқув курсларида қатнашиб келаётгани ёки уларнинг магистрлари таълим муассасаларимизда илмий иш олиб бораётгани яқин келажакда ўз натижасини бериши шубҳасиз.

Дунё мусиқа санъати саҳнасига муносиб истеъдодларимиз бор

Мутахассис сифатида айтишим мумкин, халқимиз истеъдодларга бой. Ҳатто чекка-чекка қишлоқларда ҳам ўзимизнинг Паганини, Бетховенларимиз борки, дунё саҳналарига олиб чиқишга арзийди. Бугунги кунда дунёнинг энг нуфузли театрлари, оркестрлари, энг катта саҳналарида ҳам мусиқачиларимиз ўз санъатини намойиш қиляпти. Дунёнинг энг олд мусиқачилари сафига кира оладиган кадрлар етишиб чиқяпти. Бунга хорижда муваффақиятли фаолият олиб бораётган Бекзод Абдураимов, Нажмиддин Мавлонов кабиларни мисол қилиб келтириш мумкин. Бундай нуфузли санъат даргоҳларига ишга таклиф олиш, умуман, у ерда ишлаш учун жуда катта иқтидор бўлиши, кўплаб халқаро талабларга жавоб бериш керак. Юртимизда катта истеъдод эгалари оз эмас.

Ягона олий мусиқа ўқув юрти бўлган консерваториянинг ўқув жараёнини самарали ташкил этиш, илмий салоҳиятини ошириш, ижодий муҳитни юксалтириш билан бирга, бугунги кунда таҳсил олаётган талабалар эртага ўқишни битиргандан кейин қаерга боради, қай тарзда ўзининг билими, салоҳияти, ижодини кўрсатиб, намоён қила олади, деган савол ҳам мени қийнайди. Боиси, талаба олий таълимда таҳсил олаётган пайтда уни халқаро фестиваль, танловга олиб чиқишга институционал йўналтира оламиз. Бизда имконият, энг асосийси, ваколат бор. Лекин ўқишни битириб кетганидан кейин уни қўлидан етаклаб, қўллаб-қувватлаб турадиган ташкилот ёки одамлар бўлмайди. Агар шу масаланинг механизмини ўйлаб топсак, соддароқ айтганда, квоталаримизни продюсерлик марказлари, оркестр, театрларнинг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда шакллантирсак, эртага талабаларимиз ўша жойда фаолият юритади.

Бу борада консерваторияда бир қанча ишлар амалга ошириляпти. Жумладан, 2020-2021 ўқув йилидан консерватория қошида мустақил фаолият олиб борадиган марказ очиб, истеъдодли талабаларни жалб қиляпмиз. Бу каби чора-тадбирлар эртага таълим тизимининг сифати ошишига хизмат қилади, албатта.

Айни пайтда Ўзбекистон давлат консерваториясида хорижий мамлакатлардан келган бир қанча талабалар таҳсил олмоқда. Бу ҳам қайсидир маънода халқаро тажриба. Боиси, ўзга юртдан келган мусиқачи базавий билимларини шакллантириб келади бу ерга. Ўша ердаги тажрибани ўзининг тенгқурлари билан ўртоқлашади. Бундан ташқари, чет эллик соҳа мутахассисларини таълим жараёнига жалб қилиш бўйича ҳам қатор ишлар олиб борилмоқда.

Халқаро алоқаларни жадаллаштириш мақсадида дунёга машҳур композитор, кувайтлик доктор Амир Жаъфар ректор маслаҳатчилигига таклиф қилинди ва айни пайтда у Ўзбекистонда фаолият юритяпти. Яқинда Қатар таълим ва маданият фонди билан тажриба алмашиш борасида музокаралар олиб борилди. Ўзбекистон давлат консерваториясига биринчи марта қатарлик докторант қабул қилинди.

Зиёлилар яхши билади, Италиянинг Милан консерваторияси дунёнинг етакчи олий таълим муассасаси ҳисобланади. Яқинда мазкур муассаса билан ҳамкорлик меморандумини имзоладик. Ана шу ҳужжат доирасида бир қанча лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.

 Жорий йил сентябрь ойида ана шу консерваториядан дунёга таниқли дирижёр келиб, маҳорат дарслари олиб боради. Унинг катта концерт намойиш этиши ҳам режалаштирилган.

АҚШнинг дунёга машҳур Кёртис университети билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилган. У дунё мусиқий олий таълим муассасалари ўртасида кучли 100 таликка киради. Уч нафар талабамиз ана шу университетда академик алмашинув лойиҳаси доирасида қисқа муддатли курсларда ўқияпти.

Кейинги йилларда соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли айтишга арзигулик ютуқлар қўлга киритилмоқда. Жумладан, ўтган йили консерваториянинг Нукус филиали ташкил этилди. Янги мусиқий гуруҳлар очилди. Масалан, консерваториянинг Мусиқий театр-студияси қошида халқ чолғулари оркестри ташкил этилди. Замонавий мусиқа лабораторияси ҳам фаолият бошлади. Унда “устоз-шогирд” анъанаси асосида забардаст устозлар ёрдамида ёш бастакорлар учун маърузалар, амалий машғулотлар, қизиқарли лойиҳалар, концертлар ва танловлар ўтказилмоқда.

Ўзбекистон давлат консерваториясининг жаҳон миқёсидаги мақомини кўтариш, Европа ва Осиё мамлакатлари билан алоқалар ўрнатиш йўлида улкан қадам ташланди. Бир неча ой ичида кўплаб мамлакатлар билан икки томонлама ҳамкорлик тўғрисидаги қатор меморандумлар имзоланди. Бунга Жузеппе Верди номидаги Милан консерваторияси, Чунг-Aнг университети (Жанубий Корея) билан йўлга қўйилган ҳамкорлик алоқаларини мисол келтириш мумкин. Шунингдек, Европа консерваториялар ассоциацияси (AЕC) аъзоси бўлган Қозоғистон миллий санъат университети билан алоқалар ўрнатилгани юқорида ҳам айтиб ўтилди. Ўзбекистон давлат консерваториясида чинакам истеъдодли ёшлар кўп, бу жаҳон мусиқа майдонида яққол намоён бўлмоқда. Сўнгги йилда 100 га яқин иқтидорли талабамиз халқаро танловлар ғолибига айланди. Масалан, Буюк Британияда ўтган “Golden time”, Россияда ўтган “Искусство без границ” ва “Рrimavera”, Мексикада ўтказилган “Talents of the 21st сentury” ва “Villahermosa” танловлари, Қозоғистоннинг Нур-Султон шаҳрида ўтказилган “Самал” IV Халқаро онлайн танловларида талабаларимиз гран-при ва фахрли ўринларга муносиб кўрилди.

Бундан ташқари, консерватория мунтазам равишда турли мамлакатларнинг таниқли маданият арбоблари иштирок этадиган халқаро конференцияларнинг ташаббускори ва ташкилотчисига айланди. Шу билан бирга, кўплаб талаба ва ўқитувчиларимиз халқаро мусиқа танловлари, конференция ва фестивалларда иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритди. Бундай муваффақиятларга эришишда таълим даргоҳида яратилган шарт-шароит, имконият, техник таъминотгача муҳим аҳамиятга эга.

Ўқитувчиларимиз ёзган дарсликлар ва монографиялар нашр этилмоқда. Консерваториянинг 85 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган тадбирларда З0 га яқин давлатдан меҳмонлар келиши кутилмоқда. Консерватория мадҳияси учун танлов эълон қилинган. Муассаса тарихига бағишланган китоб чоп этилади, ҳужжатли фильм яратиляпти. Aлбатта, буларнинг барчаси консерваторияни янада ривожлантириш, унинг мавқеини юксалтириш баробарида Ўзбекистон санъати ва маданиятининг чет элларда тарғиб қилинишига ҳисса бўлиб қўшилади.