Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Қаҳрамони ва Халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори Янги Ўзбекистонимиз адабий-ижтимоий ҳаётидаги тарихий воқеа бўлди. Ушбу қарорда “Абдулла Ориповнинг бетакрор ижодий мероси, унинг Ватанга муҳаббат, вафо ва садоқат туйғусини, олижаноб инсоний фазилатларни мадҳ этган етук бадиий асарлари, сермазмун ҳаётий ва ижтимоий фаолиятининг халқимиз маънавиятини юксалтириш, ёш авлод тарбиясидаги беқиёс ўрни ва аҳамияти” алоҳида таъкидлангани бежиз эмас.
Ҳаётбахш ҳужжат шарофати билан улуғ устозларимизнинг шу пайтга қадар очилмай ётган сандиқларидаги қўлёзмалар юзага чиқди.
Оқ-қора қўлёзмалар, қораламалар. Шом ва тонг мисол, Абдулҳамид Чўлпоннинг кеча ва кундузи янглиғ, тун ва кунга монанд қора-оқ, оқ ва қора қўлёзмалар, қораламалар. Шоирлик умрининг тонг ва шомлари, қалб ва руҳ кечинмаларининг кеча ва кундузлари, тун ва кунлари. Оқ-қора рангларда, қора-оқ ранглардаги соғинчлар, изтироблар, орзу ва ниятлар, дийдор ва айрилиқлар. Камол дейсизми, завол дейсизми, хобу хаёл ва ё ҳажру висол дейсизми – барча ташбеҳ ва иқтибосингизга мос ва мувофиқ келаверади. Алишер Навоий бобомизнинг бедор қалби билан изоҳлаганда, “Менинг фироқиму онинг висоли тун била тонг”, Ғафур Ғулом тили билан айтганда, “Менинг заволиму онинг камоли тун била тонг”, мисраси ўша мустабид тузумларнинг авзойи билан бағоят уйқаш ва ўхшаш...
Биз бугун Янги Уйғониш замони, Янги Ўзбекистонда яшаяпмиз.
Адиблар хиёбонидаги устоз Абдулла Ориповнинг муҳташам ҳайкали пойида ўтказилган катта адабий-маърифий анжуманда таниқли ижодкорлардан бири барчани қутлуғ айём билан табриклар экан, жуда ўринли ва чиройли лутф қилди: “Баҳор айёми, шеъриятимиз Наврўзи бугун эмас, аслида Президентимиз қарори билан бундан уч-тўрт ой аввал аллақачонлар бошланиб бўлган эди...”
Шу латиф иқтибосдан айтиш мумкинки, устозимиз сандиғидаги қўлёзмалар ҳам вижир-вижир қалдирғочлар мисоли назмимиз осмонида озод, эркин парвоз эта бошладилар.
Устоз Абдулла Орипов:
Мен ҳам яшаяпман ўз замонимда,
Давримдан қайга ҳам тушардим йироқ, –
деб ёзаркан, икки мисрагина шеърда ўша оғир даврларга ишора қилганини юрак-юракдан ҳис этамиз.
Баҳор ҳам ўз-ўзидан кириб келмайди, албатта. Қалдирғочлар бекорга юрт осмони тўлдириб учмайди. Синов ва имтиҳонларга, қувончу соғинчларга тўлиқ қишимиз ҳам, баҳоримиз ҳам ўзимизники, ташвишимиз-юмушимиз ҳам шу эл, шу Ватан билан, элнинг тинчи ва саодати билан бирга ва бақамти. Устознинг ўзлари, “Сенинг висолингдан қувонмай нега, Баҳор, соғинтирдинг ахир кўп узоқ”, деганларидай, табиатнинг ҳам, еру коинотнинг ҳам ўз қонун-қоидалари ва ўлчамлари бордирки, шу қонуниятга биноан барчаси ўз вақти-соати билан жой-жойига тушмоғи муқаррар. “Қарши қўшиғи”да шундай сатрларни ўқиймиз:
Лекин унинг баҳори, о, сен чўллар баҳори,
Соғинтирган онамнинг дийдори сендай ширин.
Эрта кун қовжирашдан бўлса ҳам дилда зори,
Лола лаби хандону тубда доғи яширин.
Абдулла аканинг ижодий-адабий мероси.
Устоз Абдулла Ориповнинг бетакрор адабий мероси...
“Мерос” дейишга ҳам тил бормайди – қайси томондан келманг “адабий” жумласи “абадий”га эврилиб бораверади.
Навоий ҳазратлари ҳақида фахр билан гапирар экан, Абдулла ака мўъжазгина бир тўртликда бутун мангуликни сингдира олган эди:
Абадият билан қай сўз эгизак,
Балки яхши орзу, яхши ниятдир?
Мангулик англанар Навоий десак,
Навоийнинг ўзи Абадиятдир.
Озод домланинг ибораси билан айтадиган бўлсак, сатрлар тирик, улар нафас оляпти, кўклам чоғи гупуриб-уфуриб гуллаётган найсон ниҳоллари янглиғ бўй таратяпти, ифор сочяпти. Асл шеъриятнинг асллиги ҳам ҳаётийлиги ва ҳаётбахшлигида эмасми.
Дарвоқе, Абдулла аканинг илк шеърий туркуми айнан домла Озод Шарафиддиновнинг “Оқ йўл, Абдуллажон!” сарлавҳали дил сўзлари – дуоси билан “Шарқ юлдузи” журналининг ўтган ХХ асрда – 1964 йилги бешинчи сонида босилганига ҳам, мана, салкам олтмиш йил бўлибди. Салкам олтмиш йил бўляптики “Мен нечун севаман Ўзбекистонни”, “Сен баҳорни соғинмадингми?” сингари шеърлар ўз сеҳри ва қудрати, нафосати ва садоқати билан баҳорий тароватини йўқотмай яшаб келаётир.
... Ҳанифа янгамизнинг, устознинг юпанчи ва қувончи бўлмиш суюкли ва куюнчак қизлари Рухсораойнинг далолат беришларича, Абдулла аканинг назмий сандиғида чиқарилмаган, чоп этилмаган шеърлари, қўлёзмалари ҳали талайгина. Уларнинг салмоғи, залвори жамлаб-чамалаб кўрилса агар, устознинг нашр этилиб, аллақачон халқ мулки ва миллат ғурурига айланиб кетган асарлари кўлами ва миқёсидан кўпроқ чиқса чиқадики асло кам эмас экан.
Бу биз – нўноқ ва гердайган шогирдлар-шогирдчалар, ўзи ўзига маҳлиё сўз исрофгарлари – тўрт қатор шеъримизни даъвою достон қилиб, сархуш ва сармаст, шон-шуҳрат фазоларида баланд парвозлар талаб этаётган, бир зум бўлса-да, ўз жону танамизда ўйлаб кўрдикми: Сўз нима? Сўз йўлида сўз устида жон бермоқ нимаю шоирлик нима?.. Мўъжазгина бир тўртликда бўлса агар ўн тўққиз ё йигирматагача сўз бўлиши мумкин. Устоз шундай бир тўртликкинани ўн етти марта қайта ишлаб, ўн еттита жумласини бус-бутун ўзгартирганини қандай тимсол, қандай иқтибос билан ифодалаш керак?..
Ўша темир-бетон замонларда шунча катта шоирлар туриб, улкан адиб Абдулла Қаҳҳор нима учун айнан Абдулла Орипов ёки Эркин Воҳидовдек ёш ижодкорларнинг шеърларидан ўз ҳикояларига эпиграфлар олган?..
Митти юлдуздан ҳам миттироқ ёш шоирнинг илк китобига Миртемир домладек устоз оқинлару сўз деҳқонлари не сабабдан муҳаррирлик қилгани-ю, айнан Ойбек, Шайхзода домладек улуғ зотлар бошини силаб, мақтаб-алқаганлари нима учунлигини биламизми?..
Адабиётнинг улкан тоғлари саналмиш бу аллома адиблар ижарама-ижара яшаб юрган ёшгина йигитчага Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлмоғи учун меҳр ва ҳафсала билан тавсияномалар ёзиб берган, қўллаб-қувватлаган...
Муҳаббатим лол қотган ул тоғларинг айтсин,
Тонгда оҳим такрор этган боғларинг айтсин,
Менсиз кечган ҳар бир лаҳза, чоғларинг айтсин:
Сен учундир бор ҳаётим, шуҳратим-шоним,
Қўлларингни бергил менга, ширинзабоним.
Азиз ўқувчилар эътиборига биринчи маротаба яхлит китоб шаклида ҳавола этилаётган шеърлар Абдулла аканинг асосан ўсмирлик чоғлари, талабалик палласи – ўн етти, ўн саккиз, ўн тўққиз, йигирма-йигирма бир ёшларда ёзган, шунингдек, серизтироб умрнинг бошқа фасл ва паллаларида ёзиб сандиққа ташлаб қўйилган қўлёзмаларидан тартиб берилди. Уларда бурунги ва бугунги адабий жараён ихлосмандлари, айниқса, катта адабиёт остонасида мўралаб турган ёш ижодкорлар учун талай ибратлар, ўрганса арзийдиган сўз жилолари, меҳр ва садоқат, қалб ва руҳ иқтибослари мавжуд.
Тўпламдаги “Танқидчига” номли шеър ҳам бугунги муҳаррир-мунаққидлар учун фойдадан холи бўлмас, деган умидворлик билан шу кунгача етиб келибдими, демак устоз ҳам уни бекорга қоғозга тушириб чамадонга ташлаб қўймаган бўлса керак.
Абдулла аканинг Ҳамид Олимжон ижодига меҳри ҳам, ихлоси ҳам бўлакча эди. Адабиётда мактаб яратган шоирлар унчалик кўп эмас, Ҳамид Олимжон эса мактаб яратган шоир, буни билиб қўйинглар, дер эди.
“Кўкламингдан олиб сурурни, Довруқ солди устоз Олимжон”, “Сен барҳаёт онамсан, Ватан”, “Шабнамдай маъсуму кўклам каби ёш” сингари кўплаб сатрлар ва меҳр тўла шеърларни чуқур ҳурмат ва миннатдорлик билан азиз устозига бағишлаган эди.
Демак, катта адабиёт даргоҳида турган ёш истеъдодлар улуғ устозларнинг ўзлари қайси улуғ устозларнинг мактабидан ўқиб-ўрганганлигини ҳам билишлари зарур.
Беназир устозимиз Абдулла Ориповнинг мана шундай найсоний ҳаволарга туйинган тоза ва муаттар шеърларини қадрли китобхонларга тақдим этар эканмиз, “бугунги замоннинг зукко ўқувчисини бир нарсага ишонтириш қийин”лигини эътиборга олиб, устоз шеърларининг қўлёзма нусхалари факсимилиесини ҳам узвийлиги ва силсилавийлигини сақлаган ҳолда яхлит китоб шаклида дид ва фаросат билан тартиб беришда жонбозлик кўрсатган, мазкур ғоя муаллифи ва кайвониси муҳтарама Ҳанифа янгамизга, ҳар бир шеърни ё сатрни ноннинг ушоғидай кўзга суртиб, авайлаб-эъзозлаб бизга еткизган Рухсора Ориповага кўпсонли шеърият мухлислари номидан чин дилдан миннатдорлик билдирамиз. Наврўзингиз, шеър ва сурур айёмингиз муборак бўлсин, азиз ватандошлар!
Устознинг ўзи лутф этгандай:
Юрт букун карвонлар бошида нордир,
Юрт букун шарқ ичра тенгсиз бир диёр.
Юрт букун оҳудай хўп ишвакордир,
Сир каби серавждир, Помирдай пойдор.
Толе юлдузининг қутлуғ зиёси
Саодат буржида балққан замон бу.
Бепоён Ватан бу – йўқдир қиёси,
Ажиб бир бўстон бу – Ўзбекистон бу.
Сирожиддин САЙЙИД,
Ўзбекистон халқ шоири