Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси маълум қилди.
Таъкидлашича, Эбола вируси асосан Африка қитъасида учрайдиган оғир юқумли касаллик бўлиб, у касалланган одам ёки ҳайвоннинг қон ва бошқа биологик суюқликлари орқали юқади.
Маълумотларга кўра, жорий йилда Африка мамлакатларида Эбола билан касалланишнинг 263 та тасдиқланган ҳолати қайд этилган. Айни пайтда Конго Демократик Республикаси эпидемия маркази ҳисобланади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти касалликнинг глобал пандемияга айланиш эҳтимолини паст деб баҳоламоқда.
Қўмита маълум қилишича, касалликнинг мамлакатга кириб келишининг олдини олиш мақсадида давлат чегаралари орқали кириб келаётган фуқаролар устидан доимий тиббий кузатув олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, фуқароларга Эбола вируси кенг тарқалган давлатларга сафар қилмаслик, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш ҳамда хавфли ҳудудлардан қайтгач, ўз саломатлигини кузатиб бориш тавсия этилди.
Мутахассислар иситма, ҳолсизлик, қусиш ёки ич кетиши каби аломатлар пайдо бўлган тақдирда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш зарурлигини эслатди.