Қайд этилишича, 2022 йилнинг 13 январь куни фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яккасарой туманлараро суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар ҳимояси жамиятининг аъзоси шоир Усмон Азим манфаатида жавобгар Санжар Жавбердиевга (Санжай) нисбатан муаллифлик ҳуқуқлари бузилишига чек қўйиш, муаллифлик ҳуқуқлари бузилганлиги учун товон пули ва маънавий зарар ундириш тўғрисидаги фуқаролик иши кўриб чиқилди.
Мазкур ишни кўриб чиқиш давомида фуқаро Санжар Жавбердиевнинг шоир Усмон Азим қаламига мансуб “Карвон” номли шеърдан муаллифнинг розилигини олмаган ҳолда, хусусан, келишувга эришмасдан ёки шартнома тузмасдан фойдаланиб “Карвон” номли қўшиқ ижро этганлиги ҳамда интернет орқали ижтимоий тармоқларга жойлаштирганлиги ўз тасдиғини топди.
Ўзбекистон Республикаси “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонунининг 62-моддасига асосан, ҳуқуқ эгаси ёки мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилот билан шартнома тузмасдан асарлар ёки турдош ҳуқуқлар объектини такрорлаш, тарқатиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланиш муаллифлик ҳуқуқини бузиш ҳисобланади.
Шунингдек, мазкур қонуннинг 65-моддасига кўра, муаллиф ҳуқуқбузардан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан минг бараваригача миқдорда товон тўлашини талаб қилишга ҳақлидир.
Шундан келиб чиқиб, суд томонидан тарафлар ўртасида келишувга эришилмаганлиги, муаллифнинг розилигисиз унинг шеъридан фойдаланилганлиги инобатга олиниб, жавобгар Санжар Жавбердиевдан шоир Усмон Азим фойдасига базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари (54 млн. сўм) миқдорида товон пули ва 40 млн. сўм миқдорида маънавий зарарни ундириш тўғрисида қарор қабул қилинди.