Амалий сафар давомида Санкт-Петербург шаҳрида жойлашган ўзбек ватандошлари томонидан очилган «Чинара» ресторанида Ўзбекистон нуфузини юксалтириш, ўзбек халқининг миллий урф-одат ва анъаналари, меҳмондўстлигини намойиш этиш, шунингдек, мамлакатимиз туризм салоҳиятини кенг тарғиб этишга мақсадида ўзбек халқ амалий санъати намуналари кўргазмаси ташкил қилинди.

 Кўргазманинг очилиш маросимида Ўзбекистоннинг Санкт-Петербургдаги Бош консулхонаси, маҳаллий ҳукумат маъмурияти аъзолари, ҳудуддаги ўзбек диаспора ташкилоти фаоллари, ватандошлар, чакана сотувчилар ва якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Санкт-Петербург шаҳар ташқи алоқалар қўмитаси раиси ўринбосари – ташқи иқтисодий алоқалар бошқармаси бошлиғи Арби Абубакаров ўз нутқида мазкур тадбирда иштирок этиш имкони яратилгани учун мамлакатимиз вакилларига миннатдорлик билдирди. У Санкт-Петербургда Ўзбекистон ҳунармандларига савдо уйлари, шунингдек, миллий ҳунармандчилик буюмлари дўконларини очишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёр эканлигини таъкидлади. Арби Абубакаров, шунингдек,  тарихи ва кўп асрлик анъаналари туфайли ўзбек маданияти шаҳар аҳолиси ўртасида жуда машҳур эканини маълум қилди.

Кўргазма давомида Санкт-Петербург ва Ўзбекистоннинг «Ҳунарманд» уюшмаси ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш ташаббуси қўллаб-қувватланди. Ҳозирги босқичда ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйиш, уюшма фаолияти тўғрисида маълумот олиш, дунёга машҳур ўзбекистонлик ҳунармандлар маҳсулотларининг тақдимотларини ўтказиш зарурлиги қайд этилди.

Ярмарка доирасида намойиш этилаётган Ўзбекистон маданиятини акс эттирувчи миллий чолғу асбоблари, мусиқа ва рақс, миллий либослар, тасвирий санъат асарлари меҳмонларда катта таассурот қолдирди.