Мазкур ҳолат юзасидан муносабат билдирган Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева вазият атрофлича ўрганилиб, оилага амалий ёрдам кўрсатилганини маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, ногиронликни белгилаш тартиби барча учун ягона ва шаффоф ҳисобланади. Шунингдек, жорий йилда йўлга қўйилган эрта аралашув, реабилитация ва абилитация, кундузги парвариш ҳамда уйда ёрдам кўрсатиш хизматлари болалар ва уларнинг оилалари учун мутлақо бепул.
Агар жараённинг бирор босқичида оиладан пул талаб қилинса ёки хизмат кўрсатиш асоссиз равишда чўзилса, бу қонунчиликнинг бевосита бузилиши ҳисобланади.
Шаҳноза Мирзиёева фуқароларнинг мурожаат ва фикр-мулоҳазалари тизимдаги камчиликларни аниқлаш ва уларни бартараф этишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
«Мен учун бундай ҳолатлар эътиборсиз қолмаслиги, жорий этилаётган барча хизматлар инсонларга реал фойда келтириши ҳамда ҳар бир фуқаро учун тенг даражада манзилли ва қулай бўлиши жуда муҳим», — деди у.
У шунингдек, тизимдаги ҳар бир камчиликни дарҳол аниқлаш ҳар доим ҳам имконли эмаслиги, фуқароларнинг мурожаатлари эса мавжуд муаммоларни аниқлаб, уларни бартараф этишга ёрдам беришини қайд этди.