Президентимизнинг “Халқимизнинг юксак ишончини оқлаш, эришган ютуқларимизни янги, янада улкан натижалар билан мустаҳкамлаш – бош вазифамиз” деб номланган нутқида кўтарилган стратегик ғоялар Ўзбекистон тарихининг янги даври бошланганини билдиради.
ХАЛҚАРО ЭҲТИРОМ САБАБИ
Янги таҳрирдаги Конституциямизни қабул қилиш учун ўтказилган референдумда халқимиз дахлдорлик, миллий бирлик, сиёсий маданиятнинг ажойиб намунасини кўрсатди. Президент сайлови эса бу дахлдорликни янада оширди. Референдум ва сайлов дунё тан олган экспертлар гувоҳлигида демократик синовдан ўтди.
Ўтган сайловда тўрт номзоднинг сайловолди дастури майдонга чиқди. Халқимиз ўз тақдирини, келажагини кимга ишонишини очиқ айтди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистонни халқимиз билан биргаликда қурамиз” деб номланган сайловолди дастури мутлақ ғалаба қилди.
Сайлов натижалари эълон қилинган куннинг эртаси – 11 июль. Биринчилардан бўлиб АҚШ Ўзбекистон Президентининг ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлашини эълон қилди. Баёнотда халқимизнинг сайловдаги иштироки, ўз етакчисига муҳаббати, ишончи юксак баҳоланди.
Яна бир кун ўтди – 12 июль. Европа Иттифоқи Ўзбекистонни демократик ислоҳотларни амалга оширишда қўллаб-қувватлашини эълон қилди. Баёнотда эътироф, эҳтиром руҳи устувор бўлди. Ҳа, айнан шундай. “Ўзбекистонда 30 апрель куни янги Конституция бўйича ўтказилган умумхалқ референдумидан кейинги бўлиб ўтган сайлов, - дейилади унда, - Президент Мирзиёев ва ислоҳотлар яққол қўллаб-қувватланганини кўрсатди. ЕИ Ўзбекистонни демократик ислоҳотларга қаратилган саъй-ҳаракатларида қўллаб-қувватлашга содиқ қолади”.
Хорижий мамлакатларнинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари, машҳур сиёсат ва жамоат арбоблари, етакчи халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарларидан самимий қутловлар келди. Уларда янги Ўзбекистон учун қилинган машаққатли меҳнат, ислоҳот натижаларининг эътирофи бор. 2023-2030 йилларда амалга оширилажак ғолиб дастурга ишонч бор.
БУЮК МАҚСАД
Давлатимиз раҳбарининг тантанали маросимда сўзлаган дастурий нутқида ижтимоий давлат руҳи уфуриб турибди. Бошқача айтганда, янгиланган Конституциямизда муҳрланган “ижтимоий давлат”, яъни халқпарвар, меҳрибон давлатнинг афзаллиги, миллий қалби, гўзаллиги, ўзбекона файзи яққол кўринди. Нутқда “халқ”, “халқим”, “халқимиз” сўзлари 37 марта, “биз” сўзи 40 марта таъкидланди. Уларни эшитган ҳар бир ватандошимиз юксак самимиятни, халқимизга фарзандлик меҳрининг иссиқ тафтини сезди.
Нутқда халқимизнинг ҳар бир ёш, касбий, ижтимоий тоифаси алоҳида-алоҳида тилга олинди. Ҳар бирига меҳрли мурожаат, миннатдорлик изҳор қилинди. “Шаҳар, қишлоқ ва овулларимиз аҳолиси”, “маҳалла фаоллари”, “азиз қадрдонлар”, “дуогўй отахон ва онахонларимиз”, “азиз фахрийларимиз”, “суюкли ўғил-қизлар”, “азамат ака-укаларимиз”, “меҳрибон опа-сингилларимиз”, “азму шижоатли ёшларимиз”, “ишчи-хизматчилар”, “тадбиркор ва фермерлар”, “бунёдкор қурувчилар”, “фидойи устоз ва мураббийлар”, “илм-фан, ижод ва санъат аҳли”, “муҳтарам уламоларимиз”, “тиббиёт ходимлари”, “жасур ҳарбийларимиз”, “спортчиларимиз” бирма-бир тилга олинди. Айниқса, “Мард ва донишманд халқимизга фарзандлик меҳри ва садоқати билан таъзим қиламан”, деган дил изҳорини Сенатдаги тантанали маросимда қатнашаётган, уйида, жамоат жойларида тўғридан-тўғри кўрган халқимиз гулдурос қарсаклар билан кутиб олди. “Юракдан сўз чиқарсанг, борар тўғри юракка”, деган ҳикмат ҳақ.
Нутқ миллат нигоҳини эртанги кунга – янги Ўзбекистонга қаратди. Чунки “...кечаги натижа, кечаги қараш ва мезонлар энди тарих. Улар энди бизни қониқтирмайди. Янги давр учун янги ғоя ва ташаббуслар керак, янги натижалар керак. Шундагина у том маънода янги давр бўлади”.
Халқ ўзи сайлаган эъзозли Президентининг буюк мақсадини эшитди. “Ҳаётимнинг маъно-мазмунига айланган буюк мақсад – янги Ўзбекистонни, Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш йўлида сизлар билан, бутун халқимиз билан бирга тинимсиз ишлашга, бор куч-ғайратим, билим ва салоҳиятимни сафарбар этишга тайёрман”, дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев тантанали инаугурация маросимида.
Мақсад нима? Мақсад – одамнинг бир ишни қилишга, бир манзилга етишга қасд қилиши. Мақсад одамнинг иш, йўл бошида қилган нияти, аҳду паймони. Ғоя – шу мақсаднинг натижаси. Одамнинг иш бошидаги эмас, мақсадига етганидаги ҳолати тасвири. Масалан, “мен бугундан бошлаб инглиз тилини ўрганишга киришаман” дейиш – мақсад. Ўзининг “инглиз тилида завқ билан гаплашаётганини тасаввур қилиши, натижа инъикоси – ғоя. Демак, юқоридаги фикрни “юксак мақсад”, “юксак ғоя” деб ифодаласа бўлади.
“Бизни – Ўзбекистоннинг фидойи фарзандларини Ватан мустақиллиги, эл-юрт манфаати каби юксак мақсад ва ғоялар бирлаштиради”. Президентимиз нутқидан бу иқтибосда “Ватан мустақиллиги”, “эл-юрт манфаати” жумлалари алоҳида урғуланган. Уларнинг ҳар бирига “юксак мақсад ва ғоя” мақоми берилмоқда. “Ўзбекистоннинг фидойи фарзандлари”га улуғ бир умид, даъват бор. Демак “Ватан мустақиллиги”, “эл-юрт манфаати” деган мақсад, ғояни англаганлар “БИЗ” дея “Янги Ўзбекистон” деган буюк қурилиш майдонига енг шимариб чиқади. Бирлашади. Бу бирлик Ватан мустақиллигини, эл-юрт манфаати устуворлигини абадий қўриқлайди.
ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ҚАНДАЙ ДАВЛАТ БЎЛАДИ?
Президентимизнинг “Бўлиб ўтган Президент сайлови янгиланган Конституциямиз асосида ўтказилгани унга чинакам халқчил руҳ ва мазмун бағишлади. Ушбу сайловда халқимиз ўз хоҳиш-иродасини эмин-эркин билдириб, янги Ўзбекистон учун овоз берди, деб айтишга барча асосларимиз бор”, деган фикри сайловолди дастури билан чамбарчас боғлиқ. Негаки, сайловолди дастурида миллий орзуларимиз, миллий ғоямиз, чин ўзбек орзуси кўринди. Бу орзуда “Янги Ўзбекистон қандай давлат бўлади?” деган саволга аниқ жавоблар бор. Янги Ўзбекистоннинг тасвири, модели бор. Мана:
ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН, бу – аввало, инсон қадри улуғланган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир ватандошимиз ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун барча имкониятлар яратилган мамлакатдир.
ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН, бу – соғлом, билимли ва маънавий баркамол инсонлар юртидир.
ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН, бу – глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим ва ажралмас бўғинига айланган, кучли иқтисодиётга эга бўлган давлатдир.
ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН, бу – инсон ва бизнес манфаатлари адолатли қонунлар асосида ҳимоя қилинадиган жамиятдир.
ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН, бу – мамлакат ичкарисида ёки хорижда бўладими, ватандошларимизни ҳар қандай шароитда ҳам ҳимоя қила оладиган, чегаралари ишончли қўриқланадиган, хавфсиз ва барқарор давлатдир.
Халқимиз мана шундай Ўзбекистонда яшаш учун овоз берди.
Бу орзу конституциявий асосда, умумхалқ сайловида легитимлашди. Президентимизнинг янги Ўзбекистонни барпо этишда икки устун – кучли иқтисодиёт ва кучли маънавиятга таянамиз, деган машҳур фикрларидан келиб чиқиб айтганда, юқоридаги 5 хусусиятга эга “Янги Ўзбекистон”ни барпо қилиш кучли иқтисодиёт ва кучли маънавиятнинг ишига айланди. Ғоявий таълимотлар нуқтаи назаридан Ўзбекистон халқининг миллий орзусига, миллий ғоясига айланди. Бу биздан мана шу ғоя атрофида бирлашиб, янги Ўзбекистон учун фойдали нарсаларни қўллаб-қувватлаб, зарарли нарсаларга бирлашиб қарши туришимизни талаб қилади.
Бугун, 2023 йилда биз учун янги Ўзбекистонни барпо қилишдан ҳам муҳимроқ ғоя борми? Йўқ. Абдулла Авлонийнинг машҳур иборасини қўллаб айтганда, янги Ўзбекистонни барпо қилиш, яъни халқ танлаган Президент дастури ижросини мукаммал таъминлаш бугун “бизлар учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласи”дир. Ана шунда биз ҳаёт, нажот, саодат топамиз. Акс ҳолда бизни мамот, ҳалокат, фалокат кутади. Чунки саодат ҳеч қачон осмондан тушмаган, тушмайди ҳам. “Янги Ўзбекистон, бу –” деб бошланадиган беш мақсаднинг рўёбга чиқиши юртимизнинг саодат асрини бошлаб беради. Чунки инаугурация нутқида айтилганидек, мақсад – аниқ, вазифа – аниқ, амалга ошириладиган лойиҳалар – аниқ, зарур маблағлар ҳам аниқ-равшан белгилаб берилган.
Президент сайловолди дастурида янги Ўзбекистонни қуриш шартлари ҳам аниқлаб берилди. Яъни “Бунинг учун иқтисодиёт ҳам, бошқарув ҳам, таълим ва тиббиёт ҳам янгича бўлиши, барча соҳаларда ўсиш, ривожланиш бўлиши керак”, дейилди. Барча соҳаларда, иқтисодда ҳам, маънавиятда ҳам, ҳар бир инсоннинг ишида ҳам интенсивлашув шартлиги очиқ айтилди. Маънавий-маърифий соҳада ҳам ўсиш, ривожланиш, интенсивлашиш бизни мақсадга тез ва соз етказади. Оҳанрабо, магнит сочилиб ётган, бир-бирига қўшилмай ётган металларни ўзига тортиб бирлаштирганидек, турли дунёқарашдаги одамларни бирлаштирадиган магнит – миллий ғоя, маънавият. Дунёнинг қудратли давлатлари тарихи бунга гувоҳ.
РАДХАНИНГ ЖАВОБИ
Дастур контекстида Президентимиз 2021 йил 19 январида айтган “Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият”, деган фикрлари устувор турибди. Бу фикр сайланган Президентимиз нутқида яна бир марта, алоҳида таъкидланди.
Кучли маънавиятли одамлар, оилалар иродали, дахлдор, мақсадга интилувчан, тиришқоқ ва, албатта, шукронали бўлади. Бунинг мисоллари жуда кўп. Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидаги “Тинчлик” МФЙда бир оила яшайди. Бу оила Европа, Осиё мамлакатларида, Ўзбекистонда таълим олаётган 6 магистр ва докторантни етиштирган. Улар оддий муаллима Зебунисо Холиқованинг болалари. Онахон “Бахт формуласи”ни қуйидаги шодон сатрларда битди. Унда бефарқликдан қутулишнинг, янги Ўзбекистон одамларининг ҳаётий намунаси, мотивацияси бор:
Ўтиб борар умр югурик сувдай,
Азиз лаҳзаларни ортда қолдириб.
Биз эса ҳаётга пешвоз чиқайлик,
Бефарқ кимсаларни ҳайрон қолдириб.
Бу сатрлар бизга янги Ўзбекистон учун курашнинг олдинги сафларида туришга, сафарбар бўлишга чорлайди. Бунинг учун эса кучли маънавият соҳиби бўлишга даъват бўлиб янграйди. Зеро, “ҳақиқий, умуммиллий сафарбарлик энди бошланмоқда”.
Президент сайловолди дастурида “Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги улуғвор мақсадларимизга ҳам биз фақат ва фақат мардона меҳнат билан эриша оламиз”, дейилди. Ҳа. Мардона меҳнат оддий меҳнатдан фарқ қилади. Мардона меҳнат – мардларнинг меҳнати. Бу меҳнат номига, “йўлига” ишлайдиган, “ишга кўриниб келдим”, дейдиганларнинг “меҳнати” эмас. Ғайратли, шиддатли, завқли, ташаббускор меҳнат. “Фақат ва фақат”, деган таъкидлар мардона меҳнатнинг қанчалик муҳимлигини кўрсатиб беради. Бу билан маънавий-маърифат олдига мардона меҳнат қилаётган ҳар ватандошимизни улуғлаш вазифаси қўйилган. Ана шундайлардан бири – Радха. Радха ким?
Радха Худойберганова Урганч тумани “Туркманлар” МФЙдаги ёшлар етакчиси. У яқинда “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Радханинг медаль олгани Хоразмда дув-дув гап бўлди. Нега дейсизми?
Радха – “Инсон қадри учун” деган сиёсатнинг минглаб натижаларидан бири. Аёлларга қаратилаётган катта эътибор тимсоли. Радханинг оиласи яқин-яқингача “Темир дафтар”да турар эди. Унга ўз маҳалласидан 1 гектар ер берилди. Оиласи иш билан таъминланди. Ғайратли Радха енг шимариб ишга киришиб кетди. Экспортбоп аччиқ қалампир етиштириб сота бошлади. “Темир дафтар”дан чиқди-ю, эл-юрт назарига тушди.
Маҳаллаларда жорий этилган ёшлар етакчиси лавозимига ўз номзодини қўйди. Ёшлар етакчиси бўлди. Ўзи каби қийналган ёшларни аниқлади. Улар билан бирма-бир гаплашиб, ёшларга яратилган имкониятларни тушунтирди. Йўл-йўриқ кўрсатди, ёрдам берди.
У ишга келганида маҳалласида ишсиз 231 нафар ёш бор эди. Радха улардан 173 нафарини иш билан тўлиқ таъминлади. Қолган 58 нафарига ер олиб берди.
Маҳалладаги 973 ёшни “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифага ажратиб чиқди. “Қизил” тоифадаги 8 йигит-қизни ташкилотларга бириктирди. Россияга ишга кетган 13 маҳалладошидан 4 нафарини чақириб олиб, ишли қилди.
2021 йили унинг маҳалласида ёшлар ўртасида 6 та жиноят бўлган эди. 2022 йилда бирорта ёш жиноятга қўл урмади. Бирорта ажрашиш бўлмади. У билан суҳбатлашиб, “Сиз бу ғайратни қаердан оласиз?” деб сўрадик. У: “Менга бу саволни кўп беришади. Мен Президентимизнинг “Мана бу ёшларнинг кўзлари ёняпти. Уларга ёрдам бериш керак”, деган сўзлари ҳақида кўп ўйлардим. “Президентимиз ёшларнинг кўзи ёнаётганини қандай кўрар экан? Кўзи ёнаётган ёш қандай бўлар экан?” деб ўйлардим.
Мен маҳалла ёшлари етакчиси бўлганимда буни билдим. Одам агарда “Халқимнинг дарди – менинг дардим. Ёшларнинг дарди – менинг дардим”, деса, унга ишонч, куч қуйилиб келаверар экан. Иши олдинга кетаверар, одамнинг кўзи чақнаши, ёниши шундан экан. Биз, ёшлар етакчилари йигит-қизларга ўз имкониятларини тушунтирсак, ишонтирсак, уларнинг кўзлари чақнаб кетар, бундай ёшлар тоғларни талқон қилиб, ўзларини ҳам, оиласини ҳам, Ватанни ҳам бой қилар экан. Буни мен ўз тажрибамда кўрдим”, дейди.
Ҳа. Шу биргина Радха мисоли бизга келажакка ишончнинг, ғоянинг қудратини кўрсатиб туради. Ёшларга ислоҳотларни тушунтирсак, уларни миллий ғоя билан қуроллантирсак, миллий ғоя уларнинг шахсий ғоясига айланади. Ғояланган ёшларнинг кўзлари ёнади. Эътиборсиз қолган ёшлар бефарқ, кўзлари сўлғин, бекорчи, боқиманда бўлади.
МИЛЛИЙ ҒОЯ – ХАТАРЛАРДАН ҲИМОЯ
“Келажак, бу – биз бораётган томон эмас,
биз қураётган нарса. Йўлларни қидириш
эмас, қуриш керак. Бу қурувчиларни
ҳам, уларнинг тақдирини ҳам ўзгартиради”.
Жон Шаар
Президент нутқидаги “Ислоҳотларимизнинг таъсирчанлиги ва бардавомлигини таъминлаш учун йўлимизда учраши мумкин бўлган барча хавф-хатар, тўсиқ ва ғовларни ҳисобга олишимиз ва улардан талафотсиз ўтиш чораларини кўришимиз зарур”, деган фикрда мафкуравий таҳдидлардан талафотсиз ўтиш вазифаси ҳам мужассам.
Бу бежиз эмас. Нега деганда, ғоявий таълимотларда “мафкура, бу – давлат сиёсати йўлидаги тўсиқларни олиб ташловчи куч”, дейилади. Мафкура одамларга давлат сиёсатининг мақсад-муддаосини тушунтириб, шарҳлаб, одамларни бирлаштиради. Ёши, касби, партияси, дини, тафаккур даражаси турлича ватандошларга янги Ўзбекистон нима учун, ким учун бунёд қилинишини уқтиради. Бу саодат иморатини қуришда ҳар биримизнинг бурчларимизни тушунтиради. Ғоявий қуроллантиради, фидокорларга қўшилинг, деб рағбатлантиради. Халқимиз танлаган ғолиб дастурнинг амалга ошишига монелик қиладиган ҳар қандай мафкуравий, ахборий хуружларга ҳақиқат тиғини қарши қўяди. Натижада ватан ҳимоячиларининг айтгани бўлади – “Но пасаран!” (Улар ўта олмайди!).
Миллий ғоя халқ бирлашиб, катта, тарихий иш олдида туғилади. Аниқ иш, дастур билан боғланмаган мафкура – ишсиз мафкура. Чунки у одамларга бирлашишнинг сабабини кўрсатиб бера олмайди. Мана шу нуқтада иқтисодиёт (амалий иш, дастур) ва маънавият (миллий ғоя, мафкура) бирлашади. Агар маблағ, ресурслар бўлса-ю, одамлар ғоявий сафарбар қилинмаса, дастур натижасиз бўлади. Ғоя бўлса-ю, унинг иқтисодий ресурслари, дастури бўлмаса, миллий ғоя утопик назария бўлиб қолади.
Президентимиз халқимизга янги Ўзбекистонни барпо қилишнинг мақсадини ҳам, дастурини ҳам яратиб берди. 2023 йилда биз буюк тарихий имконият устидамиз. 36 миллионли халқимиз ё ҳаёт - ё мамот, деб киришса, янги Ўзбекистон пойдевори етти йилда, албатта, қурилади. Президентимизнинг машҳур “Одамлар эртага эмас, бугун бахтли бўлиши керак”, деган эзгу мақсади тарихан ўта қисқа муддатда амалга ошади. Бунинг учун “Янги Ўзбекистонни барпо қилиш” – миллий ғоямизга, ҳар биримизнинг шахсий, оилавий ғоямизга айланиши керак.
Бунинг учун “Янги Ўзбекистонни барпо қилишнинг ғоявий дастури”ни ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади. Бу дастур фидокорларнинг кўзини ёндиради. Янги Ўзбекистонни барпо қилишни ҳар бир ўзбекистонликнинг виждон ишига айлантиради. Фидокорларни шарафлаб, бефарқ, масъулиятсизларни “уйғотиб”, тўғри йўлга солади. Мамлакатда бунёдкор, пассионар (фидокор) маънавий муҳитни, кучли миллий характерни яратади. Маънавияти кучли халқ янги, кучли Ўзбекистонни яратади. Президент олға сурган “Мақсадимиз – бир!” деган шарафли шиоримизга содиқ бўлсак, 2030 йилда ҳаммамиз, албатта, янги Ўзбекистонда яшаймиз.
Бу Ўзбекистон халқи учун саодат асрининг бошланиши бўлади.
Муҳаммаджон ҚУРОНОВ,
педагогика фанлари доктори, профессор