Сўнгги йилларда аҳолига қулай ва сифатли бирламчи тиббий-санитария, тез тиббий ёрдам ҳамда ихтисослаштирилган ёрдам кўрсатиш масалаларига қайта-қайта эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Гематологик, онкогематологик ва даволаш қийин бўлган бошқа касалликларга чалинган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш, улар профилактикасини кучайтириш ва келтириб чиқарувчи омилларнинг олдини олиш бугунги кунда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишнинг долзарб масалаларидан ҳисобланади.

Бу, ўз навбатида, аҳолига гематологик ёрдам кўрсатишни янги босқичга кўтариш, касалликларнинг олдини олиш ва эрта аниқлаш тизимини янада такомиллаштириш, соҳага илғор ташхис усулларини жорий этиш ва гематологик касалликларни даволашда трансплантация усулини ривожлантириш, гематология ва трансфузиология хизматларининг моддий-техник базаси ҳамда кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашни тақозо этади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида гематология ва трансфузиология хизматларини ривожлантириш ҳамда онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган шахсларни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2021 йил 27 майдаги “Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорлари соҳа ривожида муҳим роль ўйнамоқда. Мазкур қарорлар гематология ва онкология йўналишидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш, тиббий хизматлар сифатини яхшилаш, самарадорлигини ошириш, беморларни узлуксиз равишда дори-дармон билан таъминлашни ҳам кўзда тутади.

Айни пайтда бу борада кенг кўламли ишлар қилинмоқда. Хусусан, жорий йил якунига қадар туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларининг “Аёллар маслаҳатхоналари” таркибида мунтазам равишда аёллар орасида кенг кўламли бирламчи текширишларни амалга оширадиган “Онко-назорат” (Cancer-назорат) хоналари, шунингдек, болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази фаолиятини йўлга қўйиш, жиҳозлаш ва салоҳиятли кадрлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратиляпти. Шу мақсадда хорижлик экспертлар ва етакчи илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. Келгусида суяк кўмиги ўзак ҳужайраларини кўчириб ўтказиш амалиётини дастлаб Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказида, кейинчалик Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида ҳам жорий этиш кўзда тутилмоқда.

Жумладан, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Сурхондарё филиалида ҳам катта ўзгаришлар рўй берди. Онкологик касалликларни илк босқичларда аниқлаш имконини берувчи тиббий ускуналардан тортиб, уни даволашда қўлланадиган масофавий гамма нур аппаратларигача олиб келинди. Қайта ўқитилиб, малакаси оширилган мутахассислар мазкур ускуналардан унумли фойдаланмоқда. Саратон касаллиги билан оғриган беморларга давлат бюджетидан дори-дармон, озиқ-овқат, сарфлов воситалари ажратилмоқда. Кимёвий терапия учун препаратлар ҳам бюджет ҳисобидан келтирилади.

— Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 мартдаги қарорига биноан ўтган йили Тошкент тиббиёт академиясининг Термиз филиалида онкология факультети очилди. Бу ерда таҳсил олаётган талабалар энди онкология бўлимида амалиёт ўтайди. Келгусида улар ҳисобига шифохонамизни малакали кадрлар билан таъминлаш имкониятига эгамиз, — дейди Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Сурхондарё филиали бўлим мудири Абдукарим Кенжаев. — Шифохонамизда 250 нафар тиббиёт ходими тун-кун беморлар хизматида. Улардан 30 нафари олий тоифали. Ҳамкасбларимиз халқаро илмий-амалий семинарларда мунтазам иштирок этиб, онкология соҳасидаги янгиликлар билан танишиб боради. Айни пайтда онкология бўлимининг 3 нафар шифокори илмий изланиш олиб бормоқда.

Шифохона ҳудудида янги бино қурилаётир. Абдукарим Кенжаевнинг айтишича, бу иншоот қурилиши Сурхондарё вилояти маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмоқда. Лойиҳа харажатлари 20 миллиард сўмни ташкил этади. Янги бинода 105 нафар бемор учун ўрин ташкил қилинади.

Шифокорнинг таъкидлашича, саратон қанча эрта аниқланса, даволаш имконияти ҳам шунча кўпаяди. Онкологик касалликлар биринчи ёки иккинчи босқичда аниқланса, даволаш яхши натижа бериб, бемор тез соғаяди. Аксинча, касаллик учинчи ёки тўртинчи босқичга ўтса, даволаш қийинлашади. Хасталикни биринчи босқичдаёқ аниқлаш учун беморлар доимий тиббий кўрикдан ўтиб туриши шарт. Онкология бўлимида эса касалликни эрта аниқлаш учун барча шароит мавжуд. Эндоскопия ФГДС, маммография, УТТ допплер, масофавий гамма нур каби тиббиёт ускуналари ўрнатилган.

— 2022 йил 1 январдан бошлаб қизлар ва аёллар орасида онкологик касалликлар тарқалишининг олдини олиш ва эрта диагностика қилиш бўйича миллий дастур амалга оширилади, — дейди Абдукарим Кенжаев. — Унга кўра, 9-14 ёшли ўсмир қизлар одам папилломаси вирусига қарши вакцина билан эмланади. 30-55 ва 45-65 ёшли аёлларда саратон скрининги ўтказилади. Жараённи муваффақиятли амалга ошириш учун барча ҳудудий онкология муассасалари 22 та замонавий нур терапияси ускунаси билан жиҳозланди.

Сўнгги 3 йилда 150 нафар мутахассис хорижнинг нуфузли клиникаларида малака ошириб қайтди. 2021 йилнинг ўтган даврида беморларга дори-дармон, сарфлов воситалари харид қилиш учун бюджетдан 62 миллиард сўм сарфланди.

— Илгари саратон касалликлари билан оғриган беморлар шифо истаб Тошкент ёки Самарқандга боришга мажбур эди, — дейди деновлик бемор Рустам Холосов. — Аниқ ташхис қўйдириш учун чекка ҳудуддан пойтахтга бориб шифохонама-шифохона юриш, дори-дармон, турар жой излаш, беморнинг қош-қовоғига қараб, унга доимий ҳамроҳлик қилишнинг ўзи бўлмасди. Чунки вилоятда даволаниш у ёқда турсин, беморларга ташхис қўйиш учун ҳам тиббий ускуналар етишмасди. Мана, ниҳоят оворагарчиликлару қўшимча сарфхаражатларга барҳам берилди. Касаллигимга шу ерда — Термиз шаҳрининг ўзида аниқ ташхис қўйилди. Жарроҳлик амалиёти ҳам муваффақиятли бажарилди.

Ҳа, бугун инсоният онкологик касалликлар билан курашда узил-кесил ғалаба қилишга умид боғлаган. Дунё олимлари саратон ҳужайралари ривожига таъсир этувчи вакцинани яратиш мақсадида бир неча йилдан буён илмий изланишлар олиб бормоқда. Саратон касаллигига қарши курашиш борасида мамлакатимизда ҳам эътироф этишга арзигулик натижаларга эришилди. Хусусан, соҳани тубдан ислоҳ қилиш мақсадида қабул қилинган қарорлар асосида аҳолининг онкогематологик саводхонлиги ҳамда бирламчи бўғин шифокорларининг гематологик ва онкологик касалликлар бўйича ҳушёрлигини, шунингдек, тиббиёт бирлашмалари лабораторияларининг аниқлик даражаси ва лаборатория шифокорларининг анализларни таҳлил қилиш малакасини ошириш юзасидан олиб борилаётган ишлар тизимда жиддий ўзгаришлар рўй берганидан далолат.