«Франция, Голландия, Россия, Туркия, Қозоғистон ҳамда мамлакатимизнинг юқори малакали экспертларининг таҳлил ва хулосалари асосида ўпирилиш сабаблари атрофлича ўрганиб чиқилиб, зарур чора-тадбирлар белгиланди.
Москва давлат қурилиш университети, “Қурилиш соҳасида муҳандислик изланишлари, геоахборот ва шаҳарсозлик кадастри” давлат илмий-тадқиқот лойиҳа институти томонидан тўғоннинг мустаҳкамлигини аниқлаш бўйича муҳандислик-қидирув изланишлари ва илмий-амалий тадқиқотлар олиб борилди.
Хусусан, тўғон бўйлаб 45 метргача чуқурликда 60 та геологик тик қудуқлар қазилиб, 2100 та тупроқ намуналари олинди ҳамда замонавий лаборатория ускуналари ёрдамида уларнинг физик, механик ва кимёвий хусусиятлари ўрганилди;
➖ иншоотнинг деформациясини ўрганиш мақсадида тўғон бўйлаб 423 та махсус белги ва 21 та таянч геодезия нуқталари ўрнатилди;
➖ тўғондаги горизонтал силжишларни аниқлаш учун 444 та нуқтада халқаро ва давлат стандартлари асосида юқори аниқликдаги махсус ўлчовлар амалга оширилди.
Шу билан бирга, малакали мутахассислардан иборат махсус ишчи гуруҳлар тузилиб, республикамиздаги барча йирик гидротехник иншоотлар техник кўрикдан ўтказилди. Кўрик натижалари асосида уларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалга оширилмоқда.
Бу соҳадаги ишларни тизимли ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси ташкил этилди».