Музокаралар давомида «Ўзчармсаноат» уюшмаси ҳақида маълумот ва тақдимот материаллари, уюшма ҳамкорлик режаси тақдим қилинди. Жумладан, «Ўзчармсаноат» уюшмасига қарашли ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар тайёрлаган чарм-пойабзал ва мўйначилик маҳсулотларини Саудия бозорига экспорт қилиш, соҳага илғор замонавий технологияларни жалб қилиш, подшоҳлик давлат идоралари ходимларига махсус кийимлар бўйича давлат харидларида (тендер ёки конкурслар) республикамиз вакиллари иштирокини таъминлаш каби масалалар муҳокама қилинди.

Музокаралар SLIC компаниясининг заводига ташриф доирасида ҳам давом этди. Холид Ал-Жабр ишлаб чиқариш жараёни билан бевосита яқиндан таништирди. Корхонада ишлатилаётган техника ва технологиялар асосан Германияда ишлаб чиқарилган. Маҳсулотлар компаниянинг доимий мижозлари бўлган ARAMCO, SABIC, Saudi Airlines, Amiantit, LUBREF каби компаниялар буюртмасига асосан тайёрланади. Бундан ташқари, SLIC компанияси бошқа Араб кўрфази мамлакатлари Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари, Миллий гвардия каби тузилмалари учун ҳам махсус пойабзаллар ишлаб чиқаради.

Суҳбатдошнинг сўзларига кўра, Ҳозирги кунда Хитой ва Италия Саудия компаниясининг хомашё маҳсулотлари етказиб берувчи асосий ҳамкори саналади.

Холид Ал-Жабр шунингдек, келажакда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган хомашёларни (тайёр мол, қўй ва эчки терилари, полиуретан пастаси, изоцианат компоненти ва ҳоказолар) экспорт қилиш масаласини муҳокама қилишга тайёрлигини билдирди, деб хабар беради «Дунё» АА.