Афғонистон биз учун янги, ҳали тўлиқ ўрганилмаган, аммо катта салоҳиятга эга бозорлардан бири. Кейинги йилларда юртимиз маҳсулотларининг ушбу бозорга кириши фаоллашган. Бу, бир томондан, 40 миллионга яқин аҳоли истиқомат қиладиган Афғонистоннинг минтақадаги энг йирик истеъмол бозорига эгалиги, бошқа жиҳатдан, мамлакатда тайёр маҳсулотларга ҳам, инвестицион лойиҳаларга ҳам талаб юқорилиги билан изоҳланади.

Миллий маҳсулотларимизнинг афғон бозорига кириб боришида ҳар икки томон бирдек фаоллик кўрсатмоқда. Йил давомида икки давлат бизнес вакиллари, тадбиркорлари ўртасида бир неча учрашувлар, кўргазмалар, ишбилармонлардан иборат делегациялар ташрифлари ташкил этиляпти. Ҳатто ўтган йилнинг ноябрь ойида Афғонистоннинг ­Мозори Шариф шаҳрида Ўзбекистон миллий маҳсулотлари сотиладиган катта савдо маркази очилди.

Яъни ўртадаги ўзаро савдо алоқалари тобора кенгайиб, янги формат ва босқичга ўтиб боряпти. Афғонистон томони ҳам бундан манфаатдор бўлгани ҳолда барча соҳаларда иқтисодий муносабатларни кенгайтиришга интилмоқда. Шу йилнинг март ойи охирларида Афғонистон Савдо ва инвестиция палатаси раиси Муҳаммад Карим Ҳошимий бошчилигидаги делегация юртимизда меҳмон бўлиб, қатор иқтисодий тадбирларда иштирок этди. Ташриф фаол учрашувлар, бизнес-тадбирлар, қолаверса, янги битимларга бой бўлди.

Асосий воқеликлардан бири Ўзбекистон — Афғонистон ишбилармонлар кенгаши ташкил этилгани бўлди. Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида мазкур кенгашнинг биринчи йиғилиши ҳам бўлиб ўтди.

— Бу ҳар икки томон бизнеси учун мутлақо янги платформа бўлиб, кенгаш тузилишини тарихий воқелик сифатида баҳолаш мумкин, — дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси маслаҳатчиси Жамил Мақсуди. — Кенгаш таркибига жами 32 вакил киритилган. Улар икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, тадбиркорлар ўртасида тўғридан тўғри ҳамкорликни ривожлантириш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишда кўприк вазифасини ўтайди. Биринчи йиғилишдаёқ қатор масалалар муҳокама қилинди. Айниқса, қурилиш материаллари, фармацевтика, озиқ-овқат, тўқимачилик, электротехника ва нефть маҳсулотлари каби устувор тармоқларни кенг қамраб олиш кўзда тутилди.

Учрашувда экспорт салоҳиятини кенгайтириш, рақамли божхона тизимларини жорий этиш, молиявий ва суғурта хизматларини ривожлантириш ҳамда савдо жараёнларида шаффофликни таъминлаш устувор вазифалар сифатида белгиланди. Кўргазмалар, бизнес-форумлар ва B2B учрашувларни мунтазам ташкил этиш орқали ишбилармонлар ўртасидаги ҳамкорликни янада фаоллаштириш режалаштирилди. Бу ўзаро саноат кооперациясини ривожлантириб, савдони кенгайтириш учун имкониятлар яратади. Тадбиркорлар ўртасидаги тўғридан тўғри мулоқот янги шериклар топиш ва инвестиция фаоллигини оширишга хизмат қилади.

5 миллиард долларлик мўлжал

Ўзбек ва афғон халқларини азалдан қўшничилик ва дўстлик ришталари боғлаб туради. Аммо яқин йилларгача қардош давлат бозорига нисбатан ёпиқ тизим сифатида, қолаверса, қўрқув билан қаралган. Чегаралардан ўтиб-қайтиш енгиллашиб, ўзаро дўстлик ва ишонч эшиклари очилиши ортидан савдо-иқтисодий муносабатлар ҳам кенгайиб бормоқда. Энди икки давлатни ўзаро савдо алоқаларини чуқурлаштириш, бу орқали мамлакатлар иқтисодий ривожига ҳисса қўшиш мақсадлари бирлаштиряпти. Бу фаоллик кейинги йилларда аниқ рақамларда яққол кўринмоқда.

Маълумотларга кўра, ўтган йили икки давлат савдо айланмаси қарийб  1,68 миллиард долларга яқинлашди. Бу аввалги ­йиллардагига нисбатан 50 фоиз ўсиш экани айтилмоқда. Энди эса мазкур рақамни 5 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. Бу шунчаки кўзланаётган марра эмас, балки ўрганишлар, имкониятларни таҳлил қилиш орқали белгиланган аниқ вазифадир.

Яъни бу борада ҳар икки томон имкониятлари чамаланган. Узоқ кутмасдан, уларни ишга солиш керак. Ҳаракатлар тобора фаоллашиб бораётгани боиси шунда. Асосийси, иккала давлат ўзи учун янги бозорга дадил кириб бормоқда. Бу тадбиркорларга ҳам янги имкониятлар очяпти. Масалан, Афғонистон бозорида импорт маҳсулотларга талаб ниҳоятда катта бўлиб, бу юртимиз ишбилармонларини экспортни оширишга ундайди.

— Очиғи, Афғонистон бозорига таваккал кириб боргандик. Аммо у ерда сифатли маҳсулотларга талаб юқорилигини кўрдик, — дейди Ўзбекистоннинг “PREMIER” компанияси вакили Шуҳрат Комилов. — Мамлакатда кечаётган янги ўзгаришлар сабаб иқтисодий ҳамкорликка кенг йўл очилган. Қолаверса, маҳаллий маҳсулотларимиз у ерда анча харидоргир. Шу боис, аста-секин маҳсулотларимиз сонини ошириб, турини янгилаб боряпмиз. Бугунга қадар 500 минг долларликдан ортиқ маҳсулот экспорт қилдик. Бу кўрсаткични икки баравар ошириш имкониятларимиз бор, ҳозир шунинг ҳаракатидамиз. Муҳими, Афғонистон бозорига нисбатан аввалгидек қўрқув, иккиланишлар йўқ. Ҳозир ушбу мамлакат билан нафақат иқтисодий, балки дўстона муносабатларимиз ҳам ривожланиб бораётгани биз, тадбиркорларни янада фаолроқ ҳамкорликка ундаяпти.

Афғонистон ҳам иқтисодий муносабатларни фаоллаштириш ҳаракатида. Яъни ўзаро савдода импорт билан бирга экспортни оширишга интилмоқда. Шу боис, афғон делегацияси вакилларининг юртимизга ташрифи доирасида Тошкент шаҳрида илк бор “Made in Afghanistan Expo — Tashkent 2026” халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда Афғонистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва хизматлар намойиш этилди.

150 дан ортиқ афғон компанияси озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, тўқимачилик, заргарлик, гиламчилик ҳамда миллий ҳунармандлик маҳсулотлари билан иштирок этди. Икки давлат тадбиркорлари ўртасида бизнес-учрашув ва мулоқотлар, тақдимотлар ўтказилди. Павильонлар билан танишган меҳмонлар афғон ишлаб чиқарувчиларининг экспорт салоҳиятини юқори баҳолади.

Бу ҳар икки давлат ўртасида савдо алоқаларини ошириш имкониятлари юқори эканидан далолат. Улардан фойдаланишга бўлган интилиш барча соҳаларда яққол кўзга ташланяпти. Хусусан, куни кеча Ўзбекистон Афғонистон билан фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириб, икки томонлама савдо ҳажмини 500 миллион долларга етказишни режалаштираётгани хабар қилинди. Икки томон масъуллари ўртасида расмий учрашув ўтказилиб, шунга келишилган. Бунга эришиш учун қўшма тезкор ишчи гуруҳ ташкил этилиб, йирик дистрибьюторлар билан тўғридан тўғри ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда афғон капитали иштирокидаги 500 дан ортиқ компания фаолият юритмоқда. Уларнинг аксари кейинги йилларда иш бошлаган. Яъни афғонлар ҳам Ўзбекистонга ишончли ва истиқболли бозор сифатида қарамоқда. Ўз инвестицияларини киритиб, бизнесларини йўлга қўйяпти. Янги ташкил этилган Ўзбекистон — Афғонистон ишбилармонлар кенгаши икки давлат ўртасидаги ана шундай ҳамкорлик муносабатлари, савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириши мақсад қилинган.

— Ушбу платформа ўзбек-афғон тадбиркорлари ўртасидаги ҳамкорликни мутлақо янги босқичга олиб чиқади, — дейди Афғонистон Савдо ва инвестиция палатаси раиси Муҳаммад Карим Ҳошимий. — Бу нафақат савдо-иқтисодий, балки ўзаро биродарлик алоқалари мустаҳкамланишига хизмат қилади. Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатда афғон ишбилармонлари учун барча имконият ва шарт-шароитларни яратиб бераётгани бизни қувонтиради. Қисқа вақтда икки давлат ўртасидаги товар айланмасини 5 миллиард долларга етказиш мақсад қилингани ҳам ҳаракатларнинг аниқ ва жиддий эканини кўрсатади. Биз ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан муштарак ишлаб, бу мақсадга албатта эришамиз. Кенгашнинг илк йиғилишида кўплаб муҳим масалаларни муҳокама қилиб олдик. Айни пайтда Ўзбекистондан Афғонистонга экспорт жуда яхши кетяпти. Жараёнларда шу каби жиҳатларга эътибор қаратилиб, икки мамлакат ўртасидаги савдо алоқаларини бирдек фаол ривожлантириш кўзда тутилган. Ҳар чоракда кўргазмалар ўтказишни ҳам келишиб олдик.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири