Бош фарзанди Шаҳнозани турмушга берганига ҳам 12 йилдан ошиб қолди. Бугун унинг бир нафар фарзанди бор, у ҳам бугун 11 ёшни қарши олди.
Куёви Азизбек оилапарвар, тиришқоқ ва меҳнаткаш. Улар оиласига қўни-қўшни, таниш-билишлар ҳавас қиларди. Кутилмаганда, яъни туғруқдан сўнг Шаҳнозани тез-тез тоби қочадиган бўлиб қолди. Туман ва вилоятдаги малакали шифокорларга учрашди. Ташхис аниқ, буйрак етишмовчилиги. Касаллик Шаҳнозани қийнай бошлади. Сирдарё вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг гемодиализ ва нефрология бўлимида даволанди. Аммо, ҳа деганда натижа бўлавермади. Бора-бора у бутунлай гемодиализ аппаратига боғланиб қолди. Бир кун Гулистонда бўлса, бир кун Ховосда, хуллас 11 йил узлуксиз қатнади.
Шаҳнозани отаси Рўзиқул, онаси Гулсин, қайнота-қайнонаси, қолаверса турмуш ўртоғи Азизбек ташлаб қўймади. Елди, югурди. Мутахассислар маслаҳатига амал қилди. Малакали шифокор, Сирдарё вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг Гемодиализ ва нефрология бўлими бошлиғи, нефролог Валерий Анотальевич Дягилов унга катта ёрдам берди.
— Тўғрисини айтсам, ёш, унинг устига ёш боласи, турмуш ўртоғи қайнона ва қайнотаси бор. Ҳаётда қувнаб ва қувониб, турмуш ўртоғи, қайнона ва қайнотасини хизматини қилиб, фарзанд тарбияси билан шуғулланиб юрадиган бир пайтда, кутилмаган жойдан келган дард қизимни, қолаверса барчамизни эсанкиратиб қўйди, — дея эслади Шаҳнозани онаси Гулсин Нормуродова. — Турмуш ўртоғим билан ёшимиз тенг. Икки нафар фарзандимиз бор. Бир қиз, бир ўғил. Аммо улар соғ-саломат, дуркун ўсган. Туғруқдан сўнг, қизим буйрак етишмовчилиги касали билан касалланиб қолди. Мутахассислар маслаҳатига кўра бу касални бирдан-бир йўли зарарланган буйрак ўрнига, яқин қариндош, ёки бирон бир донорни соғлом буйрагини кўчириб ўтказиш экан. Ўйланиб қолдик. Биз розимиз, аммо буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти ўша пайтлари фақатгина ривожланган давлатларда бор эди. Донор ҳам изладик, лекин топа олмадик. Бунинг устига харажатлар катта. Турмуш ўртоғим қурилиш соҳасида ишлайди, оддий ишчи. Мен бўлсам уй бекасиман. Қудаларимиз ва куёвмиз ҳам худди биздек. Анча хафа бўлганман. Ўзимдан, тақдиримдан.
Шунда тақдир уни кутилмаганда яхши инсонларга йўлиқтирди. «Нурли келажак» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Барнохон Худойбердиева, нефролог Валерий Дягилов маслаҳатига амал қилиб, Ховос туман ҳокимига қизи Шаҳнозанинг соғлиғини тиклашга ёрдам беришни сўраб мурожаат қилди. Унинг мурожаати жавобсиз қолмади, туман ҳокими, сектор раҳбарлари Шаҳнозани, унинг ота-онаси ва оиласини ўргангач, уни «Аёллар дафтарига» киритди.
Бу масалани туман ҳокими, туман кенгаши депутатлари ҳукмига ҳавола қилди. Улар бир тўхтамга келди. «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг Сирдарё вилоят бўлими раҳбари ва фонднинг туман бўлими раиси билан маслаҳатлашди. Шаҳнозани соғлиғини тиклаш, онадан болага буйрак кўчириб ўтказиш учун кетадиган маблағ, яъни 48 миллион сўмни фонднинг «Саховат ва кўмак» жамғармасидан ўтказиб бериладиган бўлди.
Натижада жарроҳлик амалиёти ўтказиладиган кун ҳам аниқ бўлди. Академик Восит Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази профессорлари ва малакали мутахассислари жорий йилнинг август ойида Шаҳнозага онаси Гулсин Нормуродовани буйрагини ўтказиб, уни ҳаётини сақлаб қолди.
— Ҳозир, кўриб турганингиздек, соғ-саломатман. Оилам, фарзандим, ота-онам, қолаверса яқинларим олдидаман. Бундан ортиқ бахт борми, — дейди Шаҳноза.
Шаҳнозага иккинчи бор ҳаёт бағишлаган онаси Гулсин Нормуродова матонатига таҳсин айтмай иложи йўқ.
Ғулом ПРИМОВ, Сирдарё вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати ходими.