2020 йили бутун дунёни қамраб, бугун ҳам ўз салбий таъсирини кўрсатиб келаётган коронавирус инфекцияси билан боғлиқ жараёнлар инсониятга чинакамига ўта оғир синовли дамларни бошлаб берди.

Пандемия келтирган офатдан халқимизни асраш, мамлакат иқтисодиёти ва ижтимоий ҳаёт барқарорлигини таъминлаш мақсадида юртимизда қатъий чоралар кўрилди. Айниқса, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами тўлиқ қўллаб-қувватланди, эҳтиёжманд оилалар аниқланиб, уларга манзилли ёрдам кўрсатилди. Халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятлари, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатлари натижаси ўлароқ “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати йўлга қўйилди.

Ушбу ташаббуснинг ҳуқуқий асоси сифатида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 апрелдаги фармойиши билан Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг вилоятлардаги бўлимлари, туман ва шаҳар бўлинмалари ҳузурида “Саховат ва кўмак” жамғармаси ташкил қилинди.

“Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағларини коллегиаллик, очиқлик, қонунийлик ва ижтимоий адолат принципларига таянган ҳолда тасарруф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жамғарма низомига асосан, туман ва шаҳарларда ҳар бир сектор раҳбари тегишли маҳалла фаоллари билан биргаликда маҳаллалардаги оилалар, фуқароларнинг моддий аҳволини ўрганиб, ҳафталик ёрдам кўрсатиладиган эҳтиёжманд оилалар рўйхати ва уларга бериладиган маблағлар, кундалик истеъмол товарлари, дори воситалари ҳажмини шакллантиради. Секторлар томонидан йиғилган маълумотлар халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига киритилиб, депутатлар муҳокамасига қўйилади. Кенгаш сессияси қарорига асосан, “Саховат ва кўмак” жамғармасидан маблағлар аниқ кўрсатилган мақсадларга йўналтирилади.

2020 йилда Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими ҳузуридаги “Саховат ва кўмак” жамғармасига жисмоний ва юридик шахслар, маҳаллий бюджетдан келиб тушган маблағлардан 11,2 миллиард сўм маблағ сарфланди. Шундан 5,8 миллиард сўм маблағ Сирдарё вилояти “Сардоба” сув тошқини оқибатларини бартараф этиш ва сув тошқинидан азият чекканларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилди.

Жорий йилда эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам (пул шаклида), озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситалари етказиб бериш билан бир қаторда эҳтиёжманд бемор фуқароларда жарроҳлик амалиёти ўтказиш, соғлиғини тиклаш, шунингдек, ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш, ногирон аёлларнинг уй-жойларини таъмирлаш, “Аёллар дафтари”даги хотин-қизларни мамлакатимизнинг тарихий гўшаларига саёҳатини ташкил қилиш каби мақсадларга жамғарма ҳисобидан 19,7 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.

Ижтимоий дафтарларга киритилган эҳтиёжманд оилалар ва ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш ҳамда қўллаб-қувватлаш мақсадида халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгашининг қарорига асосан, Хатирчи туманидаги “Асалари кластер” МЧЖ ва Қизилтепа туманидаги “Акмал шифо асали” фермер хўжалигидан жами 1 500 та асалари оиласи харид қилиниб, Кармана, Хатирчи, Қизилтепа, Навбаҳор, Нурота ва Конимех туманларида истиқомат қилувчи 431 эҳтиёжманд оила вакилларига беғараз тарқатилди.

Шунингдек, вилоятимизда уйда ўтирган, ишсиз, ногиронлиги бўлган 2 494 нафар хотин-қизнинг ҳар бирига 20 та парранда бир ойлик еми билан етказиб берилди. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари буюртмачи сифатида “KARMANA GOLDEN EGGS” МЧЖ билан 46 минг 860 та парранда хариди учун шартнома имзолади. Ҳозирда 25 мингта парранда эҳтиёжманд аёлларга тарқатилди.

Сир эмаски, кўплаб эҳтиёжманд фуқаролар, айниқса, аёллар оиласида маблағ тақчиллиги сабаб даволаниши ёки жарроҳлик амалиётига имкон  тополмай қийналади. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва тегишли  масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда пандемия даврида ҳар бир маҳалла кесимида ўрганилиб, “Темир дафтар”га киритилган тиббий-ижтимоий хизматга муҳтож фуқаролар, асосан, хотин-қизларнинг 117 нафар рўйхати шакллантирилди. Фуқароларни даволаш ва жарроҳлик амалиёти учун жами 1 миллиард 727 миллион сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган. Ҳозиргача 34 нафар хотин-қизга қарийб 840 миллион сўм маблағ берилди.

“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг мамлакатимиз бўйлаб саёҳатлари, дам олишлари, санаторийларда даволаниши учун алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йил мобайнида “Касаба сайр” шўъба корхонаси ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда “Аёллар дафтари”га киритилган  2 150 нафар хотин-қизнинг мамлакатимиз бўйлаб саёҳатини ташкил этиш режалаштирилган. Бугунги кунда 1 300 дан ортиқ хотин-қиз Ўзбекистоннинг тарихий қадамжоларига саёҳат қилди.

Айни пайтда ҳам “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан эҳтиёжманд, ногиронлиги бор оилаларга, ижтимоий дафтарлар рўйхатига киритилган фуқароларга ҳар томонлама ёрдам бериш ишлари давом этмоқда. 

Фахриддин Солиев,

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди навоий вилоят бўлими бошқаруви раиси