Саховатпешалик, бағрикенглик азал-азалдан халқимизга хос инсоний фазилатлардан бири бўлиб келган. 3 декабрь — Халқаро ногиронлар куни муносабати билан Тошкент вилоятида ташкил этилган тадбирда ушбу олижаноб фазилатлар янада ёрқин намоён бўлмоқда.

Тадбирда Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев, корхона ва ташкилот раҳбарлари, ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз кексалар ва меҳнат фахрийлари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.

Байрам маросимида Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев сўз олиб, вилоятда жорий йилнинг декабрь ойи давомида “Инсон қадри учун” шиори остида хайрия акцияси эълон қилинганини таъкидлаб, мазкур ойликда барчани фаол иштирок этишга чорлади.

Тадбирда ихтисослаштирилган мактаб интернатларида таълим олаётган ногиронлиги бўлган ўқувчиларнинг қўл меҳнати билан яратилган буюмларнинг савдо ярмаркаси ташкил этилди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабарига кўра, акциядан тушган маблағлар вилоятдаги ногиронлиги бўлган фуқароларнинг соғлиғини тиклаш, ногиронларни протез-ортопедия маҳсулотлари ва реабилитация техник воситалари билан таъминлаш каби хайрли ишларга йўналтирилади.