Давлатлар тарихига назар ташлар эканмиз, сайлов жараёнлари ва у билан боғлиқ масалалар доимо долзарб аҳамият касб этиб келганлигини гувоҳи бўламиз. Сайлов асосида давлат ва жамият бошқарувининг замонавий моделлари вужудга келтирилган ва тараққий этган. Ҳозирги кунда демократик тараққиёт йўлидан одимлаётган давлатларда демократик сайловлар устувор аҳамият касб этиб бормоқда. Мустақил Ўзбекистонимизда ҳам демократик жамиятга хос бўлган унинг асосини ташкил этган демократик сайлов тизими яратилди.   Сайлов жараёнлари давлат ҳокимиятини демократик тамойиллар асосида шакллантириш ва мустаҳкамлашнинг муҳим кафолати бўлиб хизмат қилади. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида  сайловнинг демократик  тамойиллари, уни амалга ошириш механизмлари  атрофлича ўз аксини топган.

Бош Қомусимизда белгиланган принциплар  орқали демократик сайлов жараёнлари амалга оширилади.  Янгиланган Конституциямизнинг  “Сайлов тизими” деб номланган XXII бобнинг 128-моддасида демократик сайлов мезонлари тўла ўз аксини топган.  Хусусан, унда шундай дейилади:” Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда — октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади, бундан ушбу Конституцияда назарда тутилган муддатидан илгари сайлов ўтказиш ҳоллари мустасно. Сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон Республикаси Президенти муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини тайинлашга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мазкур депутатлар сайланганидан сўнг бир ой ичида улар орасидан яширин овоз бериш йўли билан сайланадилар. Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас. Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлик учун суднинг ҳукмига кўра озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан фақат қонунга мувофиқ ҳамда суднинг қарори асосида маҳрум этилиши мумкин. Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди. Ўзбекистон Республикаси фуқароси бир вақтнинг ўзида иккидан ортиқ давлат ҳокимияти вакиллик органининг депутати бўлиши мумкин эмас. Сайлов ўтказиш тартиби қонун билан белгиланади”. 

Мамлакатимизда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатларининг сайлови 2024 йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтади. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ватанимиз тарихида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловларини депутатларини аралаш сайлов тизими, яъни можоритар ва пропорционал тизим асосида ўтказилади. Депутатларнинг 75 нафари можоритар тизим асосида, яъни сайловчилар ўзларига мақбул номзодга овоз бериш йўли билан, қолган 75 нафари эса пропорционал тизим асосида, яъни сиёсий партияларга берилган овозлар асосида сайланишади.  Шу жойда маълумот ўрнида  айтиш керакки, 2019  йилнинг 22 декабрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жуқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов бўлиб ўтган эди. Амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар қаторида мамлакатимизда демократик сайлов тизими ҳамда миллий сайлов қонунчилигимизнинг такомиллаштириб борилаётгани диққатга сазовордир. Айнан бу борадаги ишларнинг амалий ифодаси сифатида 2019 йилнинг 25 июнида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси аҳамияга молик ишлардан бўлди.

Мазкур кодекс Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясини 2019 йилда амалга оширишга оид Давлат дастури ижросини таъминлаш ҳамда давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқиб яратилганлигини алоҳида қайд этиш жоиздир. Мазкур Сайлов кодекси лойиҳасини тайёрлаш жараёнида дунёдаги бир қатор давлатларнинг хусусан, Швеция,Франция, Бельгия, Польша, Голландия, Канада, Италия,  Албания, Беларусь, Озарбайжон каби мамлакатларнинг сайлов кодекслари ва қонунлари етарлича таҳлил асосида ўрганиб чиқилди. Шуни қайд этиш жоизки, бугунги кунга келиб дунёнинг  40 дан ортиқ давлатларида  Сайлов кодекслари қабул қилинган. Шунингдек, ушбу Сайлов кодексини яратиш даврида сайлов жараёнларига оид бўлган 10 дан  ортиқ халқаро ҳужжатлар чуқур  таҳлил қилинди. Айнан мазкур халқаро ҳужжатларнинг асосий ғоя ва стандартлари Сайлов кодексида сингдирилганлиги эътиборга моликдир. Жумладан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги пакт, ЕХҲТнинг инсонийлик мезонлари тўғрисидаги ҳужжатлари, жумладан, 1990 йилги Копенгаген ҳужжати, Парламентлараро Иттифоқнинг Адолатли сайловлар тўғрисидаги декларацияси ва бошқа халқаро ҳуқуқий ҳужжатларни кўрсатиб ўтиш мумкин. Кодекс қабул қилингунга қадар бешта қонун мавжуд бўлиб, уларда Олий Мажлисга сайлов, Республика Президенти сайлови, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайлов, Марказий сайлов комиссияси, Фуқаролар сайлов ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисидаги қонунлар бўлиб, унда жами 190 та модда мавжуд эди. Қабул қилинган янги Сайлов кодексига асосан бир қанча такрорлашлар бартараф этилиб, яхлит тизимга келтирилган ҳолда 18 боб, 103 моддадан иборат этиб қабул қилиниши муҳим аҳамиятга эга бўлди. Хусусан, фуқаролар, сайловчилар учун янада кенг имкониятларнинг ҳуқуқий асослари яратилди. Жумладан Қонунчилик палатасида депутатлик ўринлари учун Ўзбекистон экологик ҳаракати вакилларига квота ажратиш институти чиқариб ташланди. Эндиликда Қонунчилик палатасининг барча 150 нафар депутатларининг умумхалқ сайловларида сайланиши ушбу Сайлов кодексида  белгилаб қўйилди. Авваллари фуқаролар фақатгина 135 та округдан Қонунчилик палатасига номзодларни сайлаш имкониятига эга бўлган бўлса, эндиликда буларнинг сони 15 тага ортиб, 150 тани ташкил этди. Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг ягона электрон рўйхатини шакллантириш масаласининг мазкур  Кодексда ўз аксини топганлиги шунингдек, Марказий сайлов комиссияси аъзолари мақом бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларига тенглиги ҳақидаги норманинг  киритилиши диққатга сазовордир. Сайлов тизимидаги бу каби демократик изчил ислоҳотлар фуқароларнинг давлат бошқарувидаги фаолиятларини янада кенгайтиришда, давлат ҳокимиятига таъсир ўтказиш механизмини янада такомиллаштиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Шуни қайд этиш жоизки, замонавий сайлов тизимининг Ўзбекистонда барпо этилиши, мамлакатимизни янгилаш ва модернизация қилиш сиёсатининг амалга оширилаётганлигидан яққол далолатдир.

Ўзбекистонда давлат ҳокимиятини демократик асосда шакллантиришда, жамиятда демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришда  сиёсий партияларнинг роли ва аҳамияти беқиёсдир. Бунда албатта, демократик руҳда ўтадиган сайловларда иштирок этаётган барча сиёсий партияларнинг фаоллиги устувор аҳамият касб этади. Сиёсий партияларнинг фаолияти  Асосий қонунимиз билан мустаҳкамлаб қўйилган. Хусусан  Бош Қомусимизнинг 74-моддасида шундай дейилади: “Сиёсий партиялар турли ижтимоий табақа ва гуруҳларнинг сиёсий иродасини ифодалайдилар ва ўзларининг демократик йўл билан сайлаб қўйилган вакиллари орқали давлат ҳокимиятини тузишда иштирок этадилар. Сиёсий партиялар ўз фаолиятининг молиялаштирилиши манбалари ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ёки у ваколат берган органга белгиланган тартибда ошкора ҳисоботлар тақдим этадилар”. Партияларнинг  ташкил топиш механизми  эркиндир.    Партиялар сафига  аъзо бўлиш ва ундан чиқиш тартиб –тамойиллари ҳам эркинлик тарзида амалга оширилади.  кириш ва аъзоликдан чиқиш эркин. Партия сафларига қабул қилишни мажбурий тарзда амалга ошириш ишлари тақиқланади.

Мамлакатимиздаги  барча сиёсий партиялар демократик тамойиллар асосида  фаолият олиб боради. Уларнинг   тузилиши демократик принципларга асосланган. Шуни қайд этиш керакки, сиёсий партияларнинг, жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқий манфаатлари давлат томонидан ҳимоя этилади.  Шунингдек, давлат сиёсий партияларнинг, жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаш баробарида  уларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётда демократик принцип тамойиллари асосида  тўлақонли равишда қатнашишлари учун тенг ҳуқуқий имкониятларни ҳам яратиб берган. Давлат бошқаруви органлари, ташкилотлари улар мансабдор шахсларининг сиёсий партиялар ички ишларига аралашлари ёки уларнинг қонуний фаолият кўрсатишларига тўсқинлик қилишлари қатьий ман қилинган.  Сиёсий партияларнинг мавжудлиги ва фаолият кўрсатишининг бирдан-бир  асосий қоидаси мамлакатимиз Конституциясида қайд этилган  меърларни тўлиқ  ҳурмат қилиши ва унга амал қилиши белгиланган. Сиёсий партиялар ва жамоат бирлашмалари давлат ҳокимияти ўртасида кўприк вазифасини амалга оширувчи муҳим бўғин бўлиб хизмат қилади.  

Мамлакатимизда 5та сиёсий партия: Ўзбекистон Халқ демократик партияси, “Адолат” социал-демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Тадбиркорлик ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик ва Ўзбекистон Экологик партиялари фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, касаба уюшмалари ташкилотлари, ёшлар ва хотин-қизлар, республика ва халқаро нодавлат ташкилотлари, жамғармалар ва фуқароларнинг бошқа бирлашмаларини ўзида мужассамлаштирган ижтимоий-сиёсий тизим фаолият юритмоқда. Барча сиёсий партиялар давлат органларини тузишда Конституция талабларига риоя этган ҳолда  фаол қатнашадилар. Ўзларининг сиёсий қарашларини илгари сурадилар.

 Хулоса қилиб  айтганда сиёсий партиялар  давлат ҳокимиятини унинг бошқарув механизмини  демократик асосда шакллантиришда, мамлакат сиёсий тизимини янада демократлаштиришда  муносиб ҳисса қўшадилар. Сиёсий партиялар мамлакатни фикрлар хилма-хиллиги асосида демократик тарзда ривожланишини таъминлашда ўзига хос аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикасида фаолият олиб бораётган барча  сиёсий партияларнинг умумий  мақсади   халқимизнинг  орзу-умидларини тўла рўёбга чиқариш, ҳуқуқий демократик давлат  барпо этиш, пировардида фуқаролик жамиятини яратишга қаратилган. Сиёсий партиялар демократик жамиятда  бевосита жамият тараққиёти, унинг сиёсий, ҳуқуқий, маънавий ва бошқа жиҳатлари билан бирга ана шу жамиятни ташкил этган аҳолининг  умумий дунёқарашини, унинг келажагини  ўзида мужассам этади. Сиёсий партиялар халқ ва Ватан тақдирига масъулдирлар. Бир сўз билан айтганда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, инсон манфаатларини тўла-тўкис рўёбга чиқариш баробарида инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Сайлов орқали–фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги фаол иштироки демократик принциплар асосида юксак даражада таъминланади. Сайлов  барқарор ривожланишимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдеворидир. Бу борада демократик сайлов жараёнларининг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.  

 Шомансур  Шаякубов,   

Тошкент давлат юридик университети

                                                профессори Азимов Ҳакимали Имомович

                                           Тошкент давлат юридик университети

                                                        доценти.