Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш кунини белгилаш ва сайлов кампанияси бошланишини эълон қилиш тўғрисида”ги қарорига асосан 2021 йил 23 июлдан эътиборан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига старт берилди.
Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Президентликка кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд вилоятидаги ишончли вакили Ўзбекистон Республикаси Сенати аъзоси, Самарқанд давлат университети ректори, профессор Рустам Холмуродовнинг туманлардаги сайловчилар билан учрашувлари бўлиб ўтмоқда.
Ургут тумани 1-секторига қарашли сайлов участкаларида бўлиб ўтган учрашувларда номзоднинг сайловолди дастуридаги устувор йўналишлар қатори Мактабгача таълимдаги қамров даражаси ҳозирги 62 фоиздан камида 80 фоизга етказилиши, мактаб таълими тизими учун ўқув дастурлари ва дарсликлар илғор хорижий тажриба асосида тўла қайта ишланиб, 2026 йилга қадар амалда жорий этилиши, олий таълимга қамров даражасини 50 фоизга етказиш билан бирга, асосий эътибор таълим сифатини оширишга қаратилгани алоҳида таъкидланди.
Хусусан, мактабгача таълим муассасалари ва мактаблар сонининг оширилиб, мавжудларининг қайта реконструкция қилинганлиги, олий таълим муассасаларига қабулнинг соддалаштирилганлиги номзоднинг ҳар бир соҳага қаратаётган юқори даражадаги эътибори маҳсули эканлиги эътироф этилди.
Шунингдек, Самарқанд давлат университетининг барча факултетларида “Сайлов-демократия кўзгуси” мавзусида давра суҳбатлари ўтказилди. Ушбу тадбирлар сайлов тўғрисида ёшларга ҳуқуқий маълумотлар етказиш ва уларнинг бу борадаги саводхонлигини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Обид Қодиров,
СамДУ “Умумий психология” кафедраси мудири,
Психология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)