Бинобарин, сайловлар яқин ва олис истиқбол учун белгилаб бериладиган стратегик тараққиётнинг дастурий вазифаларини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, сайлов қонунчилиги мамлакатимизнинг кўп йиллик миллий сайлов тажрибаси ҳамда хорижий давлатларнинг илғор тажрибасига мувофиқ такомиллаштирилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг куни кеча бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида ҳам «Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилиниб, моддама-модда кўриб чиқилди.
Хўш, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида қандай ўзгаришлар бўлди, кенг жамоатчилик, экспертлар, олимлар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар, таклифлар инобатга олиниб, қонун лойиҳасида ўз аксини топдими?
Қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриш жараёнида сиёсий партиялар фракциялари, депутатлар, Ёшлар парламентлари аъзолари томонидан кўплаб таклифлар билдирилди. Шу ва парламент қуйи палатасининг расмий веб сайтига жамоатчилик муҳокамаси учун қўйилган лойиҳа юзасидан келиб тушган мингга яқин таклиф ва фикр-мулоҳазалар қонун лойиҳасини янада пишиқ-пухта ҳолатга келтиришда жуда ас қотди.
Масалан, биринчи ўқишга киритилган қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига, «Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида»ги Конституциявий Қонуннинг 3-моддасига, «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги Қонуннинг 6 та моддасига, Сайлов кодексининг 29 та моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган эди.
Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида Қонунчилик палатаси қўмиталарида, сиёсий партиялар фракцияларида бир қатор тадбирлар, давра суҳбатлари ташкил этилди, фракциялараро мунозаралар ўтказилди. Муҳокамаларда билдирилган асосли таклифлар инобатга олинди. Хусусан, қуйи палатадаги сиёсий партиялар фракциялари ва қўмиталар томонидан билдирилган таклифлар асосида сиёсий партияларнинг сайлов учун ажратилган маблағлар юзасидан Ҳисоб палатасига ҳисобот бериши ҳақидаги норма чиқарилди.
Мазкур ҳужжатда сиёсий партиялар томонидан сайловдан олдин оралиқ ва сайловдан сўнг якуний молиявий ҳисоботларни, шунингдек, Ҳисоб палатасининг партиялар фаолиятини текшириш натижаларини эълон қилиш тартиби ҳам жорий этилмоқда. Шу билан бирга, сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратилган давлат маблағлари юзасидан сайлов кунига қадар оралиқ ҳисоботини ва сайлов натижалари эълон қилинганидан кейин якуний ҳисоботини Марказий сайлов комиссиясига тақдим этиши кўзда тутиляпти.
Қизғин муҳокама ва музокаралар давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва маҳаллий вакиллик органларига сайловларни декабрь ойидан октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасига кўчириш таклиф этилгани депутатлар томонидан якдиллик билан қўллаб-қувватланди. Чунки бу билан сайловлардан кейин олий давлат органларини ўз вақтида шакллантириш ва муҳим сиёсий-ҳуқуқий қарорларни қабул қилиш учун тегишли замин яратилади.
Хулоса қилиб айтганда, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши орқали миллий сайлов қонунчилиги умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартларига янада мувофиқлаштирилади, сайлов жараёнлари очиқ ва ошкора ўтиши таъминланишига эришилади. Энг муҳими, Ўзбекистоннинг жаҳон мамлакатлари демократия индексидаги ўрни яхшиланиши кафолатланади.
Одинахон ОТАХОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати