Жойларда ўтаётган сайёр қабуллар халқнинг дардини эшитиш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда, шак-шубҳасиз, кутилган натижаларни бермоқда.

Зеро, Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак.

Шу маънода, Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг «Тошкент-товар», «Арқулоқ», «Чуқурсой», «Сирғали» божхона постларида сайёр қабуллари бўлиб ўтди.

Сайёр қабулларда бошқарма бошлиғи Т.Саидов ва масъул ходимлар ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг божхона соҳасидаги муаммоларини тинглашди.

Таҳлилларга назар ташласак, 2021 йилнинг январь-май ойлари давомида бошқармада 204 та мурожаатлар рўйхатга олиниб, уларнинг сони ўтган йилларнинг айни шу даврига нисбатан анча камайганини кўришимиз мумкин.

Мурожаатларнинг 114 таси электрон тарзда ва 90 таси оғзаки шаклда тақдим этилган.

Кўриб ҳал этилган мурожаатларнинг 26 фоизи ўз вақтида қаноатлантирилиб, 68 фоизи бўйича тушунтиришлар берилган. Қолганлари эса тегишлилиги бўйича бошқа органларга юборилган.

Мухтасар айтганда, бугун ҳеч бир мурожаат шунчаки қоғозларда қолиб кетмаяпти. Ўтказилаётган сайёр қабуллар муаммоларни аниқлаш, жойида ҳал қилиш, уларни бартараф этиш мақсадларига қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Отабек Одилов,

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Матбуот котиби