Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари  Б.Исломов раҳбарлигида жорий йилнинг 17-20 март кунлари Бухоро вилоятида, жумладан 19 март куни Пешку туманида оммавий сайёр қабуллар бўлиб ўтди. Қабулда Ромитан туманидан 74 нафар фуқаро иштирок этиб, ўзларини қийнаб келаётган суд-ҳуқуқ ва бошқа соҳаларга оид масалалар бўйича мурожаат қилишган эди.

Айни кунда ушбу мурожаатларнинг 30 дан ортиғи қаноатлантирилди, шундан 15 таси ижобий ҳал этилди, қолганлари ҳам кўриб чиқилмоқда. Бугун сайёр қабул орқали қилган мурожаатлари ижобий ечим топган фуқароларнинг қувончлари чексиз.

Жумладан, “Қаҳрамон” МФЙ Шукурҳожи қишлоғида яшовчи фуқаро Нодиржон Мўминов ва унинг оила аъзолари ва барча яқинлари учун гўёки, мўъжиза юз бергандек бўлди. Улар бу кунларни қарийб саккиз йил кутишди. Нодиржон ички ишлар идораларида ишлаб юрган кунларида унга ноҳақ айб қўйилиб, жавобгарлик тортилган эди. “Ҳақиқат эгилади, букилади, бироқ синмайди” дейишади. Бу ҳақ гап Нодиржоннинг ҳаётида ўз исботини топди. Буни қарангки, Нодиржонга қўйилган барча айбловлар туҳмат бўлиб чиқди ва жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди кассация инстанциясининг 2020 йил 10 мартдаги ажрими билан унинг ҳаракатларида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли у “айбсиз” деб топилиб, оқланган ва реабилитация қилинган.

Нодиржоннинг айбсизлиги суд орқали ўз исботини топгач, севган касбига, халқ хизматига қайтиш илинжида собиқ ишхонаси томон  йўл олади. Бироқ унинг узоқ кутилган истаклари амалга ошмайди. Бу тўғрида Нодиржон юқори идораларга кўп бор мурожаат қилган бўлса-да, арзлари жавобсиз қолаверди. Ниҳоят 2021 йилнинг 19 март куни Пешку туманида суд-ҳуқуқ соҳасига оид ўтказилган оммавий сайёр қабулда Нодиржон Мўминовнинг мурожаатига ечим топилди. Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 2021 йил 5 апрелда унинг оммавий сайёр қабулдаги мурожаати бўйича берган жавоб хатида уни ички ишлар органлари кадрлари сафига тиклаш тўғрисида қарор қабул қилингани маълум бўлди.

Бу хушхабар келган кун Н.Мўминов оиласи учун чинакамига байрамга айланди, десак муболаға бўлмайди. Нодиржон ҳаётидаги қоронғу кунлар ортга чекиниб, ҳақиқат қарор топганлигини билдириб Халқ қабулхонаси орқали Президентимиз номларига миннатдорчилик хати ёзиб қолдирди.

Худди шундай жазодан озод қилишда амалий ёрдам беришни сўраган 12 нафар маҳкумнинг мурожаатлари қабул қилинди. Жиноят ишлари бўйича Ромитан туман суди томонидан Жиноят Кодексининг 73-моддасига асосан улар жазодан шартли озод қилиниб, мурожаатлари қаноатлантирилди.

Шунингдек, “Қаҳрамон” МФЙ Сараён қишлоғида яшовчи “Темир дафтар”га рўйхатга киритилган фуқаро Р.Муҳаммадова иқтисодий томондан оилавий аҳволи оғирлиги сабабли моддий ёрдам тайинланишини сўраб мурожаат қилгач, унга 1 миллион сўм маблағ ажратилди.

Ғ.Муясаров,

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

 Ромитан туманидаги Халқ қабулхонаси мудири