Эрта тонгдан, агентликнинг аҳолига сайёр хизмат кўрсатиш учун ажратилган махсус автобуси деҳқончилик ва балиқчиликда донғи кетган Мингбулоқ тумани томон йўлга отланди. Мақсад эса битта аҳолига енгиллик ва қулайлик яратиш. Дастлаб, соҳа ходимлари давлат хизматларидан уйда ўтириб ҳам фойдаланиш мумкинлиги ҳақида йиғилганларга тушунтириш олиб бордилар. Шундан сўнг, аҳолига давлат хизматларини кўрсатишга киришдилар. Шу куни фарзандини мактабгача таълим муассасасига навбатга қўйиш, коммунал хизмат кўрсатиш тармоқларига уланиш, кадастр паспортини шакллантириш, солиқдан қарзи бор ёки йўқлиги ҳақида маълумот олиш ва яна бир қатор хизматлардан фойдаландилар.

Давлат хизматлари агентлиги ходимлари томонидан шу куни 20 дан ортиқ фуқароларга сайёр давлат хизматларини кўрсатилган бўлса, 35 нафар фуқарога ҳуқуқий тушунтириш берилди. Жумладан, Мингбулоқ туманинг Қизилқум маҳалласида яшовчи фуқаролар Хотамжон Саидов ва Фотима Ҳамроева 2014 йил қонуний никоҳдан ўтмай оила қуришган. Улар орадан 7 йил вақт ўтиб, икки фарзанднинг ота-онаси бўлдилар. Фарзандларига туғилганлик гувоҳномасини олишда қийинчиликларга дуч келган эдилар. Уларнинг учинчи фарзанди дунёга келишидан аввал никоҳ гувоҳномасини олиш учун ариза билан мурожаат қилдилар. Фуқаро Фотима Ҳамроева ҳомиладорлиги сабаб уларнинг никоҳни қайд этилганлигини тасдиқловчи ҳужжат сайёр тартибда яшаш хонадонига етказиб берилди.

Шу куни Мингбулоқ туман давлат хизматлари маркази ходимлари тумандаги 19-сонли умумтаълим мактабида таҳсил олаётган эртамиз эгалари ҳамда мактаб ўқитувчилари учун давлат хизматлари марказларида кўрсатилаётган хизматлардан электрон тарзда фойдаланиш афзалликлари ҳақида тушунтириш-тарғибот тадбирларини амалга оширдилар. Таъкидлаш жоиз, ҳозирги вақтга қадар Наманган вилоятидаги 775 та маҳалла фуқаролар йиғинининг 350 тасида тушунтириш-тарғибот тадбирлари амалга оширилиб унда, 8500 нафарга яқин фуқаролар қамраб олинди. Шунингдек, вилоятдаги 724 та таълим муассасасининг 365 тасида тарғибот тадбири ўтказилиб, бунда 13 минг нафар ўқитувчи ва ўқувчиларга электрон хизматдан фойдаланиш бўйича йўл-йўриқлар кўрсатилди.

Узоқ қишлоқ ва овулларда яшайдиган аҳоли ҳа деганда туман марказига келиб давлат хизматларидан фойдаланишга вақти ва имкони бўлмайди. Ёки давлат хизматлари соҳасига оид муаммо ва таклифларини билдиришга вақт топ олмайди. Ана шундай паллаларда эса мобил автобус бундай фуқароларнинг узоғини яқин, мушкулини осон қилишга кўмаклашади. Шунингдек. электрон хизматлардан фойдаланиш бўйича аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига йўл йўриқлар кўрсатиш орқали уларнинг вақти ва нақдини тежалишига хизмат қилади.