2022 йил 1 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаеванинг мамлакатимизга ташриф буюрган Германия Федератив Республикаси Бундестагининг «Германия – Марказий Осиё» парламент гуруҳи аъзолари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, хусусан, парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди.

Мулоқот чоғида таъкидланганидек, айни пайтда Ўзбекистон билан Германия ўртасида барча йўналишларда, жумладан, савдо, инвестициявий, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик муносабатлари кенгайиб боряпти.

Таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда икки томонлама парламентлараро алоқалар суръати сезиларли равишда фаоллашди. Германия томонидан ҳам ҳамкорликка интилиш кучайди. Албатта, бунга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг очиқ, конструктив ва прагматик ташқи сиёсати катта туртки берди.

2019 йил 21 январда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германияга расмий ташрифи доирасида Германия Бундестагининг ўша вақтдаги раҳбари Вольфганг Шойбле билан учрашуви парламентлараро ҳамкорлик ривожида муҳим аҳамият касб этди.

Учрашув якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Германия Бундестаги билан имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми парламентлар ўртасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий асосини таъминлади.

Сенат Раиси Т.Нарбаева немис парламентаризмининг бой тажрибаси ва анъаналарини қайд этиб, Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги парламентлараро алоқаларни ривожлантириш зарурлигини, унинг муҳим йўналиши Европа Иттифоқининг «Inter-Pares» лойиҳаси доирасидаги ўзаро ҳамкорлик эканини таъкидлади.

Т.Нарбаева, шунингдек, парламентнинг давлат бошқаруви тизимидаги ролини ошириш борасида эришилган ижобий натижалар туфайли Ўзбекистон минтақада ушбу дастурда иштирок этган биринчи давлат бўлганини алоҳида қайд этиб ўтди.

Учрашувда томонлар бундай учрашувлар формати Ўзбекистон-Германия муносабатларида ўзаро манфаатли ва кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида янги босқичнинг бошланиши бўлиб хизмат қилишини таъкидладилар.

Ўз навбатида, «Германия – Марказий Осиё» депутатлар гуруҳи раиси ўринбосари Робин Вагенер Германия Марказий Осиё минтақасининг асосий давлати – Ўзбекистон билан муносабатларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратишини таъкидлади. Германиянинг ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатишдан манфаатдорлиги сезиларли даражада ошишига Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар натижалари, амалга оширилаётган очиқлик сиёсати, ташқи иқтисодий фаолиятнинг тубдан либераллашуви, қонунчиликнинг такомиллаштирилгани, хорижий ва маҳаллий тадбиркорлар учун яратилган қулай шароитлар кўп жиҳатдан ёрдам берди.

Робин Вагенер, шунингдек, Бундестаг ва Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ўртасида яқин парламентлараро алоқаларни йўлга қўйишга қаратилган делегацияларнинг Германия ва Ўзбекистонга ўзаро ташрифларини амалга оширишдан манфаатдор эканлигини билдирди.

Учрашувда Европа Иттифоқининг парламентлар салоҳиятини кучайтириш бўйича «Интер Парес» лойиҳасини амалга оширишда парламент фаолияти соҳасида тажриба алмашиш, тегишли қўмиталар ва дўстлик гуруҳлари раҳбарлари даражасида парламентлараро алоқаларни фаоллаштириш, халқаро парламент ташкилотлари доирасида томонларнинг позицияларини ўзаро қўллаб-қувватлаш ва мувофиқлаштиришга келишиб олинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.