Унда Сенат аъзолари, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти вакиллари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари доимий комиссиялари раислари, қўмита ҳузуридаги экспертлар, мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Давра суҳбатида дастлаб Сенатнинг қонунчилик жараёнида тутган ўрни ва аҳамияти бўйича суҳбат иштирокчиларнинг қизғин мунозарасига сабаб бўлди.
Хусусан, Сенат охирги 5 йилда Конституция ва Олий Мажлис фаолиятининг асосларини шакллантирувчи қонун ҳужжатларидаги ваколатлар ҳамда Президент томонидан мамлакат тараққиётида парламент иштирокини кучайтиришга доир белгилаб берилган вазифаларни амалга оширишига алоҳида эътибор қаратилди.
Давлат ва жамият ҳаётидаги ўзгариш ва янгиланишларга ҳамоҳанг тарзда Сенатда хорижий инвестициялар, туризм, коррупцияга қарши курашиш, соғлиқни сақлаш, хотин-қизлар, гендер тенглик, ёшлар, Оролбўйи минтақасини ривожлантириш, ахборот сиёсати, очиқлик каби муҳим йўналишларга ихтисослашган янги қўмиталар ташкил топганлиги ва бундай тизимли ёндашув Сенатнинг қонун ижодкорлиги жараёнида катта аҳамият касб этаётганлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, давра суҳбати иштирокчилари Сенат қонунчилик соҳасида амалга ошираётган ишлари, эришилаётган натижаларига аҳамият қаратди.
2020 йил ва 2021 йилнинг ўтган даврида Сенатнинг 18 та ялпи мажлиси ўтказилиб, уларда давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларига доир 300 дан ортиқ масала кўриб чиқилди. Жумладан, ялпи мажлисларда 127 та қонун кўриб чиқилган ва уларнинг 119 таси маъқулланган, 8 таси концептуал камчиликлари бўлгани боис рад этилган.
Таъкидланишича, охирги йилларда асосий эътибор қонунчилик фаолиятида ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини яратиш ва янада мустаҳкамлашга, ҳудудлар ва умумдавлат манфаатларига жавоб берадиган халқчил, тўғридан-тўғри ишлайдиган қонунларни амалиётга татбиқ этишга қаратилганлиги алоҳида қайд этилди.
2017-2021 йилларда 313 та қонун қўриб чиқилган бўлиб, шундан 10 таси рад этилган (Маълумот учун: 2010-2016 йилларда 179 та қонун кўриб чиқилган, улардан бирортаси рад этилмаган).
Шунингдек, Сенат қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти эмаслигига қарамасдан амалдаги қонунлар ижросини мониторинг қилиш, таҳлил ва уларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш амалиётининг жорий этилганлиги ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ўтган даврда, 10 дан зиёд қонунларнинг ҳудудлар ва тармоқлардаги ижроси ҳолати ўрганилиб, натижалар бевосита ҳудуднинг ўзида танқидий-таҳлилий муҳокама қилинган. Шунингдек, Сенат қўмиталари томонидан амалдаги 20 га яқин қонун бугунги кун талабларига мослиги баҳоланди ва уларни такомиллаштириш бўйича аниқ таклифлар белгиланди.
Давра суҳбати якунида қонунчилик фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсиялар муҳокама этилди ва қабул қилинди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.