Сенат Раиси бундай мулоқот БМТ билан кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш нуқтаи назаридан ниҳоятда муҳим эканини таъкидлади.

Учрашув давомида Ўзбекистоннинг БМТ билан ўзаро алоқалари тобора кенгайиб бораётгани, иқтисодиёт, илм-фан, соғлиқни сақлаш, экология, маданият ва таълим йўналишларидаги ҳамкорликнинг самарали натижалари алоҳида қайд этилди.

Кейинги йилларда Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг ихтисослашган идоралари билан ҳамкорлиги фаоллашганига алоҳида эътибор қаратилди. Дарҳақиқат, бугунги кунда БМТнинг Ўзбекистондаги ихтисослашган муассасалари томонидан “яшил” иқтисодиёт, иқлим ўзгариши, савдони ривожлантириш ва шу каби йўналишларда 174 миллион долларлик 137 та лойиҳа амалга ошириляпти.

Ўзбекистон БМТ доирасида жаҳон ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланган, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга амалий ҳисса қўшаётган ташаббусларни илгари суриб келаётгани қайд этилди. Жумладан, Ўзбекистон ташаббуси билан сўнгги йилларда минтақавий ҳамкорлик, экология, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, БРМга эришишни жадаллаштиришда парламентлараро мулоқотни ривожлантиришга қаратилган БМТ Бош Ассамблеясининг 6 та махсус резолюцияси қабул қилинган.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон ташаббусларини халқаро майдонда илгари суриш, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳамда минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштиришга оид аниқ қадамларни қўллаб-қувватлашда БМТ билан конструктив ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, Сенат ва БМТнинг Марказий Осиёда Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази ўртасида 2024-йил учун алоҳида ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарурати эътироф этилди. БМТ билан Орол денгизининг қуриши оқибатларини юмшатиш, Оролбўйи аҳолисининг турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш, ҳудудда замонавий ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектларини барпо этиш бўйича янги чора-тадбирларни амалга ошириш масалаларини кўриб чиқиш, 2022–2025 йиллар учун “Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик тўғрисида»ги резолюция қоидаларини имплементация қилиш бўйича “Йўл харитаси”ни амалга ошириш юзасидан БМТ ва унинг ихтисослашган идоралари билан ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама этилди.

Дўстона ва амалий руҳда кечган мулоқот якунида Ўзбекистон ва БМТ ўртасида барча соҳаларда ўзаро манфаатли муносабатларни янада кенгайтиришга келишиб олинди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.