Фармонга мувофиқ, бюджетдан қўшимча 2 трлн. сўм ажратилиб, ушбу маблағлар 1 млн. 700 минг нафар ёрдамга муҳтож аҳоли, 3 млн. 700 минг нафар пенсионер ва жорий йил якунига қадар 500 минг нафар ижтимоий нафақа олувчиларга йўналтирилиши белгиланган. Умуман олганда, ижтимоий нафақа олувчиларнинг умумий сонини икки баробарга кўпайтириб, жорий йил якунига қадар 1,2 миллионга етказиш кўзда тутилган.
Парламент юқори палатасининг олтинчи ялпи мажлисида Сенат Раиси Т.Нарбаева ўз нутқида мазкур йўналишда учраётган айрим муаммоларга эътибор қаратди.
– Амалиётда кўрдикки, ажратилган маблағларни тақсимлаш жараёнида айрим ҳудудларда норозиликлар юзага келди, – деди Сенат Раиси Т.Нарбаева. – Одамлар “темир дафтар”га ҳақиқатда камбағал ва кўмакка муҳтож оилалар четда қолиб, етарлича даромадга эга бўлганлар киритилганидан шикоят қилмоқда. Тизимда очиқлик, шаффофлик йўқ.
Давлатимиз раҳбари бежиз 4 августдаги йиғилишда тизим мутасаддилари фаолиятини танқид қилмади. Бу борада Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тизим фаолиятини танқидий кўриб чиқиши керак. Негаки, одамлар кўпроқ маҳалла тизими вакилларининг нохолислигидан шикоят қилишмоқда. Президентимиз маҳалла тизими обрўсини кўтариш, халққа янада яқинлаштириш бўйича барча шароит ва имкониятларни яратиб бердилар. Шунга қарамай, айниқса, қуйи бўғинлар эскича иш услубидан воз кеча олмаяпти. Маҳалла идоралари ходимларининг дунёқараши ўзгармаяпти. Уларда аҳоли билан ишлаш, конструктив мулоқот қилиш кўникмалари етишмайди. Бу эса аҳолининг ҳақли эътирозлари кўпайишига олиб келмоқда. Одамларнинг маҳалла идораларига бўлган ишончи ва ҳурматига путур етяпти.
Ҳар бир ҳудудда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув курслари ташкил этилган. Афсуски, мазкур ўқув курслари фаолияти ҳали талабга жавоб бермайди. Шу боис, вазирлик тегишли идора ва ташкилотлар билан биргаликда тизим фаолятини бугунги кун талаблари асосида такомиллаштириш бўйича ишларни кучайтириши керак. Айниқса, маҳалла идоралари вакилларининг малакасини ошириш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиши мақсадга мувофиқ.
Шунингдек, “Темир дафтар”ни шакллантириш ва юритиш тизими очиқ, шаффоф бўлиши, тизимга замонавий ахборот технологияларини жорий этиш муҳим ҳисобланади. Айниқса, давлат томонидан муҳтож оилалар учун ажратилган маблағларни тақсимлаш жараёнида инсон омилини максимал даражада кисқартириш бугунгни кун талаби.