Мажлисда манфаатдор вазирлик ва идоралар, давлат компаниялари, жамоат бирлашмалари раҳбарлари, Ўзбекистоннинг Германия ва Франциядаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, Франция билан биргаликда умумий қиймати 3,933 миллиард долларга тенг 34 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Шу билан бирга, Германия билан «Йўл харитаси» асосида қарийб 4,8 миллиард долларлик 58 та инвестиция лойиҳаси ва савдо шартномалари амалга оширилиши режалаштирилган. Ушбу инвестициялар жалб этилиши мамлакатимизнинг энергетика соҳасини кенг кўламли модернизация қилишни бошлашга имкон берди. Бунда янги энергия ишлаб чиқарувчи қувватларни қуриш, ёқилғи-энергетика саноатига замонавий технологияларни жорий этиш билан мавжуд қувватларни модернизация қилиш, ҳудудларнинг транспорт, логистика ва коммунал инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, янги саноат корхоналарини ишга тушириш назарда тутилмоқда.
Эшитув давомида «йўл хариталари»нинг бажарилиш жараёни танқидий таҳлил қилинди, инвестиция лойиҳалари ва экспорт шартномаларини амалга оширишга масъул бўлимлар фаолиятига баҳо берилди.
Жойларда сенаторлар ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари томонидан лойиҳаларни ўрганиш, инвесторлар, инвестиция лойиҳалари ва экспорт шартномаларини амалга ошириш учун масъул ташкилотлар ва идоралар билан учрашувлар натижасида инвестиция лойиҳалари бажарилмаётганлиги ва жиддий кечикиб бажарилаётганлиги аниқланди.
Жумладан, таҳлил кўрсатишича, Франция билан тузилган «йўл харитаси»да умумий қиймати 1,3 миллиард долларга тенг 13 та лойиҳа турли сабабларга кўра амалга оширилмаяпти ёки кеч амалга оширилмоқда. Бунинг учун Туризм ва спорт вазирлиги, «Миллий банк» АЖ, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ, «Ўзтрейд», Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, «Ўзсаноатқурилишматериаллари» АЖ жавобгар ҳисобланади.
Германия билан тузилган «йўл харитаси»га кўра умумий қиймати 1,4 миллиард доллардан ортиқ бўлган 24 та лойиҳа ижроси анча кечиктирилмоқда ёки умуман бажарилмаяпти. Лойиҳаларнинг ташаббускорлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги, АТБ «Агробанк», Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги, АТБ «Туронбанк», Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ҳисобланади.
Ҳар бир лойиҳанинг ўзига хос муаммолари бор, шу билан бирга «йўл хариталари» ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишига халақит берадиган тизимли тўсиқлар ҳам мавжуд. Жумладан, ўрганиш бюрократия юксак даражада сақланиб қолаётганлигини кўрсатди. Бу, жумладан, лойиҳа ҳужжатлари босқичма-босқич ва ўз вақтида ишлаб чиқилмаслигида намоён бўлмоқда, бу молиялаштириш очилишининг, маблағлар ўзлаштирилишининг кечикишига ва натижада ишлаб чиқариш қувватлари кеч фойдаланишга топширилишига олиб келмоқда.
Шунингдек, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари томонидан назоратнинг етарли даражада эмаслиги, тегишли ҳоким ўринбосарлари инвестиция масалалари бўйича ҳисоботларни мунтазам бериб бормаслиги қайд этилди.
Мажлис якунлари бўйича Сенат Қўмитасининг мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ чораларни ўз ичига олган тегишли қарори қабул қилинди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.