Мажлисда сенаторлар, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, экспертлар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари доимий комиссиялари раислари, Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ҳисобот даврида вазирликнинг бевосита иштирокида 19 та хорижий мамлакатга олий даражадаги амалий ва расмий ташрифлар ташкил этилгани, 38 та хорижий делегация билан учрашув ва музокаралар ўтказилгани таъкидланди.

Иқтисодий дипломатия соҳасида турли даражадаги 2,5 мингдан ортиқ икки томонлама музокара ва тадбирлар ўтказилиб, улар доирасида умумий қиймати 58 миллиард доллардан ортиқ инвестиция лойиҳалари ва савдо битимларини ишлаб чиқишда амалий ёрдам кўрсатилди.

Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари ташаббуси билан умумий қиймати 114,5 миллион долларлик 22 та грант лойиҳаси амалга оширилди. Ҳисобот даврида республика ва хорижда мамлакатимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашга қаратилган 600 дан ортиқ маданий-маърифий, ижтимоий ва спорт тадбирлари ўтказилди.

Муҳокама чоғида сенаторлар бир қатор муаммоли масала ва омилларни тилга олиб, уларнинг бартараф этилиши вазирлик фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилишини қайд этди. Хусусан, ташқи сиёсий фаолиятни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, сенаторлар вазирликнинг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини бугунги кун талабидан келиб чиқиб, тубдан қайта кўриб чиқиш лозимлигига тўхталиб ўтдилар.

Ўтказилган таҳлиллар натижаларига кўра 2023 йил 1 июль ҳолатига Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари орқали келиб тушган такрорий мурожаатлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 баравар ошган. Фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқишга юзаки ёндашиш ҳолатлари учраб турибди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Олий Мажлис Сенати қарорларида белгиланган айрим вазифалар ўз вақтида ва тўлиқ бажарилмагани масаласига ҳам парламент аъзолари эътибор қаратдилар.

Ушбу камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ таклифлар илгари сурилди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

Очиқ ва конструктив муҳокама натижаларига кўра Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.