Маълумки, бугунги кунда экологик ҳолатни яхшилаш давлат ва жамият ҳаётининг энг долзарб масалаларидан биридир. Мазкур йўналишда қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга оширилмоқда. Мажлис давомида Сенат ҳам бу борадаги фаолиятини мазкур долзарб масаладан келиб чиқиб такомиллаштириши зарурлиги белгиланди.

Шундан келиб чиқиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Конституциявий Қонуннинг 9-моддасига мувофиқ Сенатнинг айрим қўмиталари фаолияти ва ихтисосликларига ўзгаришлар киритилди.

Хусусан, Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси фаолияти бевосита экология омилига боғлиқлиги, қўмитанинг бу борадаги катта тажрибаси инобатга олиниб, экология билан боғлиқ барча масалалар билан шуғулланиш мазкур Қўмита зиммасига юкланди.

Шунингдек, мамлакатимизда қишлоқ ва сув хўжалигини ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилаётгани, шу билан бирга аграр соҳада алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлган айрим тизимли муаммолар сақланиб қолаётгани боис Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси ўз фаолиятини қишлоқ ва сув хўжалиги масалаларига қаратиши белгиланди.

Шу муносабат билан мазкур иккита қўмита номлари ўзгартирилиб, Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси ҳамда Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси этиб қайта номланди.

Ихтисосликдан келиб чиқиб, қўмиталарнинг асосий вазифалари белгиланди ва тегишли низомлар тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.