Унда Сенат аъзолари, манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари, мутахассислар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Мажлисда Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида кўриб чиқилиши назарда тутилган масалалар дастлабки тарзда муҳокама қилинди. Бевосита Қўмита томонидан ялпи мажлисга кўтариб чиқиладиган масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

«Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг фаолияти тўғрисидаги ахбороти, коронавирус пандемиясидан кейин туризмни тиклаш ва ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари шулар жумласидан.

Мажлис давомида «Ўзкимёсаноат» АЖ бошқарув раисининг ахбороти эшитилди. Таъкидланганидек, компания инвестицияларни жалб қилиш, саноат қувватларини модернизациялаш ва ишлаб чиқариладиган маҳсулот номенклатураларини диверсификация қилишда салмоқли натижаларга эриша олди. Мисол учун, ўтган икки йил мобайнида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар номенклатураси 170 дан 182 тага кўпайди, ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар умумий ҳажми 6,3 триллион сўмдан 10,8 триллион сўмгача ошди, ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва янги қувватларни ишга тушириш учун 1 миллиард доллардан ортиқ миқдорда инвестициялар жалб этилди.

Шу билан бирга, сенаторлар компания фаолиятининг самарадорлигига тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли муаммоларни ҳам айтиб ўтдилар. Хусусан, айрим корхоналарда ускуналар жуда эскирган, эскириш даражаси баъзан 65 фоизгача етади, компания корхоналарида экологик ва меҳнат қонунчилиги бузилган, қарз юки юқори ва экспорт салоҳиятидан охиригача фойдаланилмайди.

Коронавирус пандемиясидан кейин туризмни тиклаш ва ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижаларини муҳокама қилиш доирасида сенаторлар сўровда кўтарилган айрим саволларга тўлиқ жавоб берилмаганлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, улар ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича Туризм ва спорт вазирлиги фаолиятини фаоллаштиришга қаратилган бир қатор топшириқларни Сенат қарори лойиҳасига киритиш, шунингдек, миллий туризм маҳсулотини тарғиб қилиш ва санитария-гигиена хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш бўйича маркетинг стратегиясини тубдан қайта кўриб чиқиш зарурлигини таъкидладилар, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

Мажлис якунлари бўйича қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.