Унда Сенат қўмиталари раислари ва ОАВ вакиллари иштирок этди. Анжуманда ялпи мажлисда кўриб чиқилган масалалар юзасидан журналистларга батафсил ахборот берилди.
Қайд этилганидек, видеоконференсалоқа тарзида ўтказилган, Сенатнинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали онлайн ёритилган ялпи мажлисда жами 20 та масала кўриб чиқилди.
Уларнинг 8 таси халқ фаровонлигини таъминлаш ҳамда аҳоли турмуш даражасини оширишга хизмат қиладиган қонунлардир. Бундан ташқари, Сенат қўмиталари томонидан олиб борилган ўрганишлар, Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш каби бир қатор муҳим масалалар ҳам сенаторлар муҳокамаси марказида бўлди.
Халқ депутатлари Кенгашларида доимий асосда фаолият юритувчи депутатлар корпусини шакллантириш ҳамда уларнинг ваколатларини кенгайтириш орқали ҳудудий ижро органлари фаолияти устидан назоратни кучайтириш, маданий мерос объектлари муҳофазасини ошириш, фуқароларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни кучайтириш масалалари оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида қизғин муҳокама қилинди.
Бухоро, Қашқадарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида олиб борилган ўрганишлар мобайнида моддий маданий мерос объектларига жуда катта миқдорда зарар етказиш ҳолатлари аниқланганлиги ҳақида маълумот берилиб, Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг 2020-2021 йиллардаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилгани билдирилди.
Шунингдек, бугунги кунда Сенат фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш масалаларига катта эътибор қаратилаётгани алоҳида таъкидланди. Жумладан, ялпи мажлис «Ўзбекистон» ва «Узрепорт» телеканаллари, Сенатнинг ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларида тўғридан-тўғри эфирга узатилди, ялпи мажлисдаги муҳокама жараёнлари эса миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан ёритилди.
Қизғин баҳс-мунозаралар ва очиқ мулоқот шаклида ўтган матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга тўлиқ жавоб олиш имкониятига эга бўлдилар.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.