Йиғилишда тумандан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига сайланган депутатлар, туман кенгаши депутатлари, ҳоким ўринбосарлари, судлар ҳамда тегишли корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Тегишли масъуллар кўриб чиқилган қонунларнинг мазмун-моҳияти бўйича сўзга чиқишди.
Ўн тўққизинчи ялпи мажлисда 14 та масала, шу жумладан 8 та қонун кўриб чиқилган. Кўрилган қонунлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий таъминланишини такомиллаштириш, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама таъминлашга қаратилган.
Сенатнинг Oролбўйи минтақасини ривожлантириш қўмитаси раиси ўринбосари, сенатор Ботир Матмуратов тумандаги фермер ҳўжаликларида ҳам бўлиб, пахта мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаганлиги, шунингдек теримчиларга яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. “Навоий қайир”, “Дурдибоев Тажимурод” ва “Зумрад Асадбек” фермер ҳўжаликларида теримчилар билан суҳбатлашиб, уларга совғалар топширди.
Беруний тумани бўйича 2021 йил учун 10030 гектар ерга пахта экилган бўлиб, 30550 тонна пахта хом ашёси олиш режалаштирилган. Тумандаги 161 та фермер ҳўжаликлари “Беруний кластер” МЧЖ билан шартнома тузган. Пахта йиғим-терими даврида теримчилар учун тушликда иссиқ овқат ва терим пуллари дала бошида бериб борилмоқда.
Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири