Куни кеча форум доирасида хотин-қизлар Олий Мажлис Сенатига ташриф буюрди. Ёшлар қонун ижодкорлиги, Сенат ва унинг аъзолари фаолияти билан яқиндан танишди.
Учрашув давомида мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, соғлиғини сақлаш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасида тизимли ислоҳотлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Тадбирда қайд этилганидек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2011 йил 19 декабрдаги резолюциясига асосан, 11 октябрь Халқаро қизлар куни сифатида кенг миқёсда нишонлаб келиняпти. Бу сана бутун дунёда қизларнинг яшаш шароитлари, ҳуқуқ ва эркинликлари билан боғлиқ ҳолатларни ўрганиш ва таҳлил этиш имконини ҳам беради.
Шунингдек, Форумнинг мақсади – “Қизларжон” клублари фаолиятини тизимли ташкил этиш, қизларни илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланишга жалб этиш, илмий-тадқиқот натижаларини ҳаётга татбиқ этиш, тадбиркорликни ривожлантириш, иқтидорли қизларнинг ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарларга ўқитиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда ижтимоий фаоллигини оширишдан иборат.
Учрашувда “Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг мазмун-моҳияти, мақсад ва вазифалари, устувор йўналишлари, шунингдек, янги таҳрирдаги Конституция аҳамияти ҳақида сўз юритилди. Мазкур ҳужжатлар бугунги кунда мамлакатимизда ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий демократик давлат барпо этиш, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, иқтисодиётимиз ривожи ва турмушимиз фаровонлигини юксалтиришнинг асосий кафолати эканлиги таъкидланди.
Мамлакатимизда хотин-қизларимизнинг таълим олиши, уларни ҳар томонлама етук инсонлар, жамият тарбиячилари бўлиб улғайишлари учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилганлиги юзасидан фикрлар билдирилди.
Шу билан бирга, хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш мамлакатимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Хусусан, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, гендер тенгликни таъминлаш, оғир ижтимоий аҳволдаги хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш орқали уларни ҳимоя қилиш, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан самарали муҳофазалаш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш ҳамда бу борада қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти тушунтирилди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.
Учрашув кўтаринки руҳда ўтиб, талаба ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.