- Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги – бу унинг кўп миллатли халқидир. Бугун мамлакатимизда миллати, дини, эътиқодидан қатъий назар барча юртдошларимиз учун яшаш, таълим олиш, меҳнат қилиш, давлат ва жамоат ҳаётида фаол иштирок этиш учун тенг шароитлар яратилган.
Жамиятимизнинг ажралмас қисми бўлган қозоқ миллатига мансуб ватандошларимизнинг бугунги муваффақиятлари, уларнинг ягона Ватан равнақига қўшаётган муносиб улуши ҳақида сўзлаб берсангиз?
— Жонажон республикамизда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари билан миллатлараро масалаларга, хусусан, халқларимиз ўртасидаги тотувлик ва ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва ўзаро яқин ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга ҳар қачонгидан кўра кўпроқ эътибор берилаётган ушбу тарихий кунларда “Ягона Ватан равнақи йўлида” туркумидаги саволларга жавоб беришнинг ўзи мен учун муҳим аҳамият касб этади.
Бундай дейишимга тўлиқ асос бор. Ўзингизга маълумки, ўз бағрида 130 дан ортиқ миллат ва элатни бирлаштириб турган Ўзбекистон деб аталган жаннатмонанд эл фарзандларининг бири сифатида қозоқ миллатининг вакиллари ҳам бошқа халқлар билан тенг ҳуқуқли нуфузга эга бўлиб, туғишган оға – ўзбек халқи билан тинч-тотув, дўстлик ва биродарликда фаровон ҳаёт кечирмоқда. Улар кўпмиллатли республикамизнинг сиёсий барқарорлиги, иқтисодий ривожланиши ва ижтимоий тараққиёти йўлидаги ишларда фаол иштирок этмоқда, жонажон Ватанимизнинг ҳар томонлама юксалишига баҳоли қудрат ўз хиссаларини қўшиб келмоқда.
Айниқса, кейинги йилларда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан жамиятимизда барқарорлик, миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, фуқаролар онгида ўзаро биродарлик шуурини, дўстлик муҳитини, кўп миллатли ягона оилага мансублик туйғусини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат билан қараш руҳида тарбиялаш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтиришга йўналтирилган кенг миқёсдаги ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада республикамиз Президентининг 2019 йил 15 ноябрдаги фармони билан тасдиқланган Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси ҳамда уни 2019–2021 йилларда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат вакилларининг тили, маданияти, урф-одатлари ва анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга қаратилган бўлиб, кўп миллатли халқимизнинг саъй-ҳаракатларини олижаноб ғоя — мамлакатимизни барқарор ривожлантириш, кучли ва адолатли фуқаролик жамиятини ва демократик ҳуқуқий давлатни шакллантириш ғояси атрофида бирлаштиришга хизмат қилади.
Ўтган йили COVID-19 короновируси пандемияси сабабли мамлакатимизда унинг олдини олиш бўйича зарурий карантин чоралари жорий этилди. Шу боис қатор режадаги йирик маданий-маърифий тадбирларни кенг жамоатчилик иштирокида ўтказишнинг, афсуски, имкони бўлмади. Шундай бўлса-да, масофадан туриб мулоқотлар, фикр алмашишлар, онлайн-конференциялар ҳамда бошқа тадбирларни уюштириш йўлга қўйилди ва улар ҳозирги кунгача давом этиб келмоқда. Масалан, 21 октябрь куни Бутундунё қозоқлари ҳамжамияти ва Қозоғистондаги “Ватандошлар” жамғармаси билан биргаликда республикамизда истиқомат қилаётган қозоқ миллати вакилларининг кичик қурултойи онлайн шаклда ташкил этилди.
Марказимизнинг вилоятлар ва туманлардаги бўлимлари ҳам жойларда кенг қамровли фаолият олиб бормоқда. Улар минтақаларда истиқомат қилаётган қозоқ миллати вакилларининг бошқа миллат ва элатга мансуб юртдошлари билан ҳамжиҳатликда яшаб, ишлаб, энг катта бойлигимиз бўлган тинчлигимизни асрашга, осойишталикни таъминлашга, миллатлараро дўстликни мустаҳкамлашга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
— Қозоқ юртдошларимиздан кимларнинг номларини алоҳида тилга олишни истар эдингиз? Улар қайси соҳаларда юксак натижаларга эришмоқда?
— Катта авлод вакилларидан шоир Мекембай Омаров, “Дўстлик” ордени соҳиби, ёзувчи, Турон академиясининг академиги Қалдибек Сейданов, педагогика фанлари доктори Эргаш Абдувалитовнинг исмларини алоҳида таъкидлашни истар эдим.
Ёш авлод вакилларидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев, таржимон Турсунали Аҳмедов, шоир Мейрамбек Абдуқалиев, юнон-рум кураши буйича Олимпиада совриндори Элмурат Тасмуратов, бокс бўйича Осиё чемпиони Элнур Абдураимов, Ўзбекистон чемпиони Мадиёр Сайдраҳимов каби иқтидорли ёшларимиз билан фахрланамиз.
Марказимиз жамоат ташкилоти бўлгани туфайли унинг иши кўплаб фаоллар, жонкуярлар ва фидоийларнинг бевосита иштироки, уларнинг ўз эл-юртига бўлган садоқати, меҳр-муҳаббати, энг муҳими, сидқидилдан кўрсатган беғараз ёрдамлари билан юзага чиқади. Уларнинг орасида республикамизда таниқли бўлган жамоат арбоблари, оқсоқоллар, олимлар, қалам аҳли, турли соҳаларнинг вакиллари бор.
Мен ҳозирги кунда Ватанимиз равнақига ўзининг муносиб улушини қўшиб келаётган Тошпўлат Бобожонов, Турсумат Холбоев, Қалдибек Сейданов, Абдуҳолиқ Айдарқулов, Алишер Ғаппоров, Абдулла Рустамов, Ерашим Рустамов, Ҳамза Холмуродов, Шерали Содиқов, Элдар Хўжаҳмедов, Ортиқбой Қурбонбоев, Марат Аринов, Мекембай Умаров, Дамир Қалдибоев, Ергеш Абдувалитов, Карахан Жўраев, Динислом Канаев, Заит Абдурахманов, Пўлат Изюмов, Жақсилиқ Ўразбоев, Динислам Қанаев, Ақан Ташметов, Ғуламзакир Юсупов, Менгдеш Сержанов, Худойберген Мирзамуратов, Қулмахон Дуйсенов, Зулупқар Умрзақов, Сагит Абдурахманов, Жақсилиқ Жариқбоев, Жамалиддин Якубов, Салимбай Балғабаев, фидокор аёлларимиздан Майра Терликбаева, Дилфуза Қалиева, Лала Жунусова, Айсулув Буксинбаева, Анар Қалдибаева, Азиза Дуйсенова, Замира Жиянбоева, Анор Налибоева, Айша Анарқулова, Айжан Тажибаеванинг номларини фахр билан айтиб ўтмоқчиман.
Шулар билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлардаги бўлинмаларимизнинг республикамиз равнақи йўлида олиб бораётган ишлари ҳам таҳсинга сазавордир. Уларга маданий марказимиз, республикамиздаги бутун қозоқ жамоатчилиги номидан миннатдорлигимни изҳор этаман. Уларнинг бундан кейин ҳам марказимизнинг жонкуяр ва фидоийлари бўлиб қолишига ишонамиз.
— Қозоқ миллий маданий маркази бугун ўз фаолиятида қандай йўналиш ва масалаларга асосий эътиборни қаратмоқда? Бу йил кенг нишонланаётган мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллик юбилей санасига қандай тайёргарлик кўраяпсизлар?
— Халқларимиз ўртасида анъанавий равишда давом этиб келаётган абадий дўстлик ва яқин ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлайдиган, ўзбек ва қозоқ халқлари ўртасидаги адабий-маданий алоқаларни табора ривожлантиришга хизмат қиладиган чора-тадбирларни ўтказиш режалаштирилган. Жумладан, Президентимизнинг махсус қарорига мувофиқ, бу йил 30 июлда байрам қилинадиган “Дўстлик куни”га ҳам катта тайёргарлик кўрмоқдамиз. Ундан кейин улуғ байрамимиз – Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллигини кенг нишонлашга қаратилган мажмуавий чора-тадбирлар лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилган. Ҳозирги кунда бу тадбирларни вазиятга қараб ташкил этиш ва ўтказиш юзасидан тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Уларда биз, асосан, республикамизнинг мустақиллик йиллари мобайнида эришган ютуқлари, халқларимиз ўртасидаги яқин дўстлик алоқалари, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янада ривожлантиришга бағишланган маърузалар, чиқишлар, миллий маданиятимиз, санътимиз ҳамда бадиий ҳунармандчилигимизни акс эттирувчи кўргазмалар ташкил этиш, турли жанрлардаги театрлаштирилган бадиий саҳна кўринишлари ҳамда концерт дастурлари намойиш этишга ҳаракат қиламиз. Булар, ўз навбатида, халқларимиз ўртасидаги анъанавий давом этиб келаётган абадий дўстлик ва ҳамкорликнинг янги бир саҳифаси бўлиб қолишига аминмиз.
— Ягона Ватан – бу муқаддас тушунчадир. Замондошларимиз барчамиз учун табаррук бўлган она заминимизнинг янада равнақ топишига муносиб улуш қўшиши йўлида қандай тилаклар билдиришни истар эдингиз?
— Ўзбекистон мустақилликга эришган дастлабки кунларданоқ давлат сиёсатининг асосини ташкил этган бош ғоя – бағрикенглик ғоясининг ҳаётга тадбиқ этилиши натижасида республикадаги барча миллат ва элатларнинг равнақ топишига алоҳида эътибор қаратилди. Кўпмиллатли жамиятимиз фуқаролари онгида “Ягона Ватан равнақи йўлида” деган ғоя асосида ҳақиқий ватанпарварлик туйғусини шакллантириш бу борадаги ишларнинг муҳим йўналишига айланди.
Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги – бу унинг кўп миллатли халқидир. Республикамизда барча миллатларнинг ўз миллий қадриятларини, тили ва маданиятини, ўзига хос урф-одат ва анъаналарини сақлаб қолиши ва ривожлантириши учун барча шарт-шароитлар яратилган. Миллатлараро ва халқлар ўртасидаги дўстлик алоқаларини ва изчил ҳамкорликни янада ривожлантириш, республикамизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элатларнинг ўзига хос миллий урф-одатлари ҳамда анъаналарини сақлаб қолиш ва давом эттириш масалаларига мамлакатимиз раҳбарияти томонидан ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эътибор бериб келинмоқда. Биз бунинг учун ўзбек халқига, юртбошимизга чин қалбдан миннатдорлигимизни билдирамиз.
Яратганга минг шукрлар айтайликки, биз Ўзбекистондай бағри кенг, жаннатмонанд юртда бошқа миллат вакиллари қатори туғишган ўзбек халқи билан дўстликда, оға-инидай тинч-тотувликда умргузаронлик қилмоқдамиз ҳамда Ватанимизнинг равнақи йўлида астойдил меҳнат қилиб, унинг юксалишига муносиб ҳиссамизни қўшиб келмоқдамиз.
Бу эришган муваффақиятларимизни кўз қорачиғидай авайлаб асраш, халқларимиз ўртасидаги абадий дўстлик ва ишончли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ҳар томонлама ривожлантириш фуқаролик жамиятининг муҳим институти бўлган миллий маданий марказимизнинг муқаддас бурчидир. Бу долзарб ва муҳим вазифаларни изчил амалга оширишда ҳаммамизга Оллоҳ мададкор бўлсин!
— Сермазмун суҳбатингиз учун ташаккур!