Ўзбекистон Республикаси АКТ вазирлиги делегациясининг Испания Қироллигида бўлиб ўтаётган «MWC Barcelona-2022» Жаҳон мобил конгрессида, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш. Шерматов ва Баҳрайн Қироллиги транспорт ва телекоммуникациялар вазири Камол бин Аҳмад Муҳаммад ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида Ўзбекистон ва Баҳрайн Қироллиги ўртасида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида, жумладан, IT тадбиркорликни ривожлантиришда ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди.

Хусусан, Ўзбекистонда Баҳрайн IT компанияларининг ваколатхоналарини очиш ва IT Park резидентлигига жалб қилиш бўйича музокаралар олиб борилди. Бугунги кунда юртимизда маҳаллий ҳамда хорижий IT бизнесни қўллаб-қувватлаш учун барча шароитлар яратиляпти. IT Park бунда визаларни олишда, корхонани юридик жиҳатдан расмийлаштиришда, имтиёзли равишда биноларни ажратишда, банк ҳисоб рақамларини очишда, солиқ имтиёзларни тақдим этишда ҳамда малакали кадрларни танлашда ташкилий кўмак беради.

Резидентликдан ташқари, учрашувда Баҳрайн IT-компанияларининг, Ўзбекистонда стартап лойиҳаларни молиялаштириш учун венчур жамғармаларни жалб этиш масалалари кўриб чиқилди.

Республикамизда BPО ва KPО-хизматларини ривожлантиришга йўналтирилган лойиҳаларни амалга оширишда Баҳрайнлик IT компанияларни жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Учрашувда таъкидланганидек, Баҳрайннинг IT компаниялар малакали ишчиларни рақобатбардош шартлар асосида кенг жалб этишлари мумкин бўлади. Ўз навбатида, Ўзбекистонда ёш ва меҳнатга лойиқ аҳолининг бандлигини оширишда ва юқори маошли IT касбларни эгаллаш орқали уларнинг даромадларни оширишга замин яратади.

Шунингдек, Баҳрайн давлат ташкилотлари ва компанияларининг 2022 йил 24-26 октябрь кунлари Ўзбекистонда АКТ ҳафталиги доирасида бўлиб ўтадиган « ICT Week Uzbekistan» халқаро рақамли форумда иштирок этиш учун таклиф берилди.

Томонлар кенг ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш учун катта имкониятлар мавжудлигини қайд этиб, уларни янада ривожлантиришга тайёр эканликларини билдирдилар, деб хабар беради Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати.