Коррупция жамиятни исканжага оладиган зарарли иллат. У демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказиб, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади. Одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа салбий ҳодисалар ривожига пойдевор бўлади. Коррупция давлат, иқтисодиёт ривожи, чинакам қулай тадбиркорлик ва инвестиция муҳитига салбий таъсир кўрсатадиган энг асосий тўсиқлардан биридир.
Сўнгги йилларда юртимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди. Коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва бартараф этишнинг энг муҳим жиҳатларидан бири – давлат бошқаруви тизимида инсон омилини камайтириш учун ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш йўлга қўйилди.
БМТ Бош Ассамблеясининг 2003 йил 21 ноябрдаги резолюциясига мувофиқ, 2004 йилдан буён 9 декабрь Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни сифатида нишонлаб келинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши мажлисининг 2023 йил 23 августдаги баённомаси билан 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш кунига бағишланган “Аксилкоррупция ойлиги” доирасида ўтказиладиган тадбирлар режаси тасдиқланган.
Мазкур режада давлат органлари фаолиятининг очиқлиги, жамоатчилик ва фуқаролар олдида ҳисобдорлигини таъминлаш ҳамда оммавий ахборот воситалари ва фуқароларни қизиқтирган саволларга жавоб олиш мақсадида “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилиши белгиланган.
Ўзбекистон халқаро ислом академиясида бўлиб ўтган шундай тадбирда таълим муассасасида шу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
− Биз фаолиятимизда ОАВ учун доимо очиқмиз, – деди Ўзбекистон халқаро ислом академияси коррупцияга қарши курашиш комплаенс-назорат тизимини бошқариш бўлими бошлиғи Шуҳрат Эшматов. – Академияга кириш жараёнида имтиҳонлар шаффоф ўтказилиши, ўқув машғулотлари ва якуний назорат имтиҳонлари қай тартибда йўлга қўйилгани, олийгоҳнинг чет мамлакатлар билан ҳамкорлиги доираси, талабаларнинг ётоқхона ва иш билан боғлиқ масалалари ОАВ вакилларига очиқ тақдим этиб келинмоқда.
Тадбирда қайд қилинишича, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг республикамиз олий ўқув юртлари 2022 йилги фаолияти миллий рейтингида Ўзбекистон халқаро ислом академияси фахрли 2-ўринни қўлга киритди. Ижтимоий-гуманитар соҳа бўйича олий таълим муассасалари рейтингида эса 59,74 натижа билан 1-ўринни эгаллади.
Айни пайтда ушбу академия олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари илмий салоҳияти бўйича ҳам етакчилик қилиб келаётгани эътиборлидир.
Ҳар бир идора, ташкилот жамоатчилик олдида доимо мана шундай жавобгарликка тайёр турса, масъулият ҳиссини намоён қилса, нафақат таълим тизимида, балки барча соҳада сифат кўрсаткичлари ўзгаради.
Тадбирда коррупцион ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича амалий ишлар хусусида атрофлича маълумот берилди.
Нодир МАҲМУДОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири